Таъкидланишича, «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 47-моддасига мувофиқ таълим олувчиларни таълим олиш билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш тақиқланади. Қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Раҳбарлар ва масъул ходимлардан таълим олувчиларни таълим олиш билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этмасликлари талаб этилади. Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан адлия органлари томонидан ўрганиш олиб борилмоқда.
Сайтларнинг маълумотларига кўра, воқеа 14 февраль куни Қибрай туманидаги 29-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлган. Вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Камоловнинг маълум қилишича, мактабда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди куни муносабати билан тадбир ташкил этилган, аммо ташкилотчилар ва меҳмонларнинг мактабга алоқаси бўлмаган.
«Ундай тадбирларни қиш тугул, ёзда ҳам қилмаяпмиз. Бу тадбирни мактаб раҳбарияти ташкил этмаган. Ушбу тадбирни ‘Олтин мерос’ жамғармаси ташкил этгани маълум бўлди. Эътибор бериб қаралса, суратдаги эркаклардан бири ‘Олтин мерос’ жамғармасининг раҳбари Амирқул Каримов, аёллардан бири ‘Олтин мерос’ жамғармасининг вилоят бўлими бошлиғи Зарифа Эшмирзаева эканини кўриш мумкин.
Жамғарма вакиллари Бобурнинг йигирма нечинчидир авлодини олиб келишган экан. Аслида маҳаллада бўлиши керак бўлган тадбир жой топилмагани сабабли мактаб залида ташкил этилган экан.
Тумандаги баъзи жамоат ташкилотлари мактабларда тадбир ўтказиб туришади. Кечаги ҳолатда ҳам кимдир мактабдан ўқувчи сўраган бўлса, мактабдагилар ҳам ўйлаб ўтирмай ўқувчи ажратиб берган бўлса керак», — деган бошқарма бошлиғи.
Маълумот учун, 14 февраль Қибрай туманида ёмғирли кун бўлган, ҳавонинг ўртача ҳарорати +4 даражани ташкил қилган.






