Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, фуқаро ўша куни маст ҳолатда бўлган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 11 февраль куни соат 20:30 да Қашқадарё вилояти Миришкор туманида яшовчи фуқаро А.К. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, шу туманнинг Чандир қишлоғида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро С.Х. кўчада маст ҳолатда қўни-қўшнилар билан жанжаллашиб, уларнинг тинчлигини бузаётганлигини маълум қилган.
Воқеа жойига етиб борган профилактика инспекторлари ҳуқуқбузарлик ҳолатини расмийлаштириб, маст ҳолатда бўлган, соғлиқни сақлаш органларида спиртли ичимликларга ружу қўйган шахс сифатида ҳисобда турувчи фуқаро С.Х.ни Республика ихтисослаштирилган Наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилояти минтақавий филиалига жойлаштирган.
У шифокорлар кўригидан ўтказилиб, стационар даволанишга ётқизилган. Соат 23:40да беморнинг соғлиғи ёмонлашгач, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қашқадарё вилояти филиалига етказилган.
Касалхонада шифокорлар томонидан бирламчи тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, у 12 февраль куни соат 01:30да "Алкоголдан ўткир заҳарланиш оғир даражаси, аспирацион синдром, алкоголь комаси ўткир нафас етишмовчилиги II-III-даражаси, ўткир юрак қон томири етишмовчилиги II-даража" ташхиси билан вафот этган.
"Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олинган ва ўрганиш натижасига кўра, марҳум С.Х.нинг танасида тан жароҳати ва бошқа жисмоний куч ишлатиш билан боғлиқ белгилар аниқланмаган",-дейилади хабарда.






