АсосийSport

Нодирбек Абдусатторов яна йирик турнирда қатнашади

'Нодирбек Абдусатторов яна йирик турнирда қатнашади'ning rasmi

Жорий йилнинг 19 февраль кунидан Chess24.com сайти орқали “Airthings Masters” турнири бошланади.

Мукофот жамғармаси 150 минг АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур мусобақа ўз атрофига дунёнинг энг кучли шахмат усталарини жамлаган. Улар орасида ҳамюртимиз, рапид йўналиши бўйича энг ёш жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов ҳам бор.

Мусобақа рапид йўналишида ўтказилиб, дастлаб иштирокчилар 15 турдан иборат саралаш босқичида ўзаро куч синашади. Шахматчилар тўплаган ҳар бир очкоси учун 250 доллардан мукофот олишади. Саралаш босқичи якунига кўра энг яхши натижа қайд этган 8 нафар шахматчи эса плей-офф босқичида ғолиблик учун кураш олиб боради. Бу босқичда ҳар бир ўйин муҳим аҳамиятга эга ва ютқазган шахматчи учун мусобақа тугайди.

Қуръа натижасига кўра саралаш баҳсларида Нодирбек Абдусатторов кимларга қарши дона суриши ҳам маълум бўлди. Унга кўра, 1-турда ҳамюртимиз нидерландиялик машҳур шахмат устаси Аниш Гири билан куч синашса, иккинчи раундда жаҳон тождори, ушбу мусобақанинг амалдаги ғолиби Магнус Карлсенга қарши дона суради.

    Бошқа янгиликлар