Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани, Сурум маҳалласи ҳудудидаги дарахтзорлар қасддан йўқ қилинмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш давлат қўмитаси Жамоатчилик кенгаши аъзоси Расул Кушербаев ёзмоқда.
Маълум қилинишича, Ўрмон хўжалигига қарашли бўлган ушбу ер майдони 2019 йили туман ҳокимлиги захирасига олинган.
"Шундан сўнг ноқонуний равишда дарахтлар турли йўллар билан ёқилиб, сунъий яроқсиз ҳолга келтирилган. Сўнг майдондан шағал олиниб, пулланмоқда. Зўр усул.
Тахминимизча дарахткушлар томонидан шу кунга қадар икки юзга яқин қимматбахо дарахтлар йўқ қилинган.
Ачинарлиси бу ишлар айнан "мораторий" даврида содир этилишига қарамай масъул ташкилотлар вазиятни жим кузатиб турибди. Катта эҳтимол билан дарахткушлар ортида уларни қўлловчи "катталар" бор...
Президентимизнинг қонун устувор жазо муқаррар, деган даъватидан келиб чиқиб, масъул идоралар, шу жумладан экология прокуратурасидан масалани тезкор ўрганиб, чора кўришларини сўраймиз", - дейилади депутатнинг ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасида қолдирилган постида.






