АсосийJamiyat

Ижтимоий тармоқда “Сўм”нинг муомалага киритилганининг 20 йиллиги муносабати билан 20 рақами туширилган "пул" тасвири тарқалди

'Ижтимоий тармоқда “Сўм”нинг муомалага киритилганининг 20 йиллиги муносабати билан 20 рақами туширилган  "пул" тасвири тарқалди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда банкнот кўринишидаги – “Сўм”нинг муомалага киритилганининг 20 йиллиги муносабати билан 20 рақами туширилган  "пул" тасвири тарқалди. Марказий банк ҳолат бўйича маълумот берди. 

"Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ижтимоий тармоқларда тарқалган банкнот кўринишидаги – “Сўм”нинг муомалага киритилганининг 20 йиллиги муносабати билан 20 рақами туширилган намуна Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган пул белгиси ҳисобланмайди.

“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида пул белгилари фақат Марказий банк томонидан муомалага чиқарилади.

Янги намуналардаги пул белгилари муомалага чиқарилиши тўғрисидаги хабар, шунингдек, уларнинг тавсифлари Марказий банк томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу намуна Марказий банк томонидан эмас, балки “Давлат белгиси” корхонаси томонидан 2014 йилда юбилей сана муносабати билан корхонанинг реклама маҳсулоти (сувенир) сифатида чиқарилган.

(Маълумот учун: дунёдаги барча банкнот чоп этувчи компаниялар томонидан янги ҳимоя элементлари жорий этилганлиги ёки бошқа ишлаб чиқариш янгиликлари билан таништириш мақсадида, бирор юбилей сана ёки компания фаолиятига алоқадор воқеага бағишлаб фақат рақам қўйилган, валюта номи қайд этилмаган банкнотлар чоп этиб борилади ва улар корхона фаолиятини рекламаси учун мўлжалланган бўлади).

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган банкнот ҳеч қандай қиймат ўлчовига эга эмас (унда сўм ёзуви қайд этилмаган), муомала ва тўлов воситаси сифатида фойдаланишга мўлжалланмаган",– дейилади расмий ахборотда. 

    Бошқа янгиликлар