Вазирлик Ахборот хизмати бир дона энергия тежовчи светодиод LED лампасининг қанчалар фойдали эканлиги тўғрисида маълумот берди.
Маълум қилинишича:
▪️100 Вт қувватли энергия самарасиз чўғланма лампа бир кунда ўртача 8 соат ишласа 800 Вт.соат, бир ойда эса 24 киловатт-соат электр энергияси сарфлайди.
▪️7 Вт қувватли энергия тежовчи лампа эса, бир кунда 8 соат ишласа 56 Вт, бир ойда (30 кун) 1,6 киловатт-соат электр энергияси сарфлайди.
Демак, бир дона энергия тежовчи лампа бир ойда 22.4 киловатт-соат электр энергиясини иқтисод қилади.
Бу эса, электр энергиясининг амалдаги 295 сўм тарифи бўйича ҳисоблаганда, бир дона энергия тежовчи лампа бир ойда 6 608 сўм, бир йилда эса 79 296 сўм иқтисод қилади.
Маълумот учун: 100 Вт қувватли энергия самарасиз лампа берадиган нур ўрнини ундан 15 маротаба энергия тежамкор бўлган 7 Вт қувватли LED лампаси боса олади.
Ўзбекистондаги 7 миллион хонадон мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, биргина энергия тежамкор лампа ўрнатилиши ҳисобига бир йилда 156 млн. кВт.соат электр энергияси тежалишига эришилади.
Ушбу бир дона энергия тежамкор лампа орқали тежалган электр энергияси 1 045 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Ўзбекистонда 2016 йил 1 июлдан қуввати 40 Вт.дан юқори бўлган чўғланма лампаларни эркин муомалага чиқариш, 2017 йил 1 январдан эса уларни сотиш тақиқланган. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 октябрдаги 299-сонли қарорида белгилаб берилган.






