АсосийJamiyat

1-синфга ўқишга қабул қилиш нархи 500 минг сўмми? Ёхуд қўлга тушган Тошкентдаги мактаб директори

'1-синфга ўқишга қабул қилиш нархи 500 минг сўмми? Ёхуд қўлга тушган Тошкентдаги мактаб директори'ning rasmi

 Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бектемир туман бўлими ходимлари томонидан тумандаги Ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактаби (ИДУМ)да тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда "Даракчи"га Тошкент шаҳар суди Матбуот хизмати раҳбари Садоқат Аллаберганова хабар қилди. 

Маълум қилинишича, мактаб директори вазифасини бажарувчи шахс қизини шу мактабнинг 1-синфига ўқишга жойлаштирмоқчи бўлган фуқародан 500 000 сўм беришини талаб қилган. Директор талаб қилинган пуллардан 400 000 сўмини ўз хизмат хонасида олган вақтда ушланган. 

Судда жабрланувчи қуйидагиларни маълум қилди...

— Бектемир туманида жойлашган мактаблардан бирида рус тилига ихтисослашган махсус синф борлигидан хабар топдим. Қизимни мазкур мактабнинг 1-синфига қабул қилинишини сўраб борганимда, директорга мурожаат қилишим лозимлигини айтишди. Навбатда туриб қабулга кирдим. Қизимни рус тили синфига қабул қилишини сўраганимда “харажати бор”, деди. У қизимни 1-синфга қабул қилиши эвазига 500 000 сўм беришимни талаб қилди. Мен шароитимдан келиб чиқиб 400 000 сўм бера олишимни айтдим. Унинг хатти-ҳаракатлари ноқонуний эканини тушунган ҳолда ушбу шахсга қонуний чора кўришни сўраб, ариза билан Департаментнинг Бектемир туман бўлимига мурожаат қилдим. 

Судда судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлди...

— Фарзандини мазкур мактабнинг 1-синфига қабул қилишим эвазига мактабга ҳомийлик қилиши, яъни 500 000 сўм пул беришини билдирганман. Таклифимга рози бўлган. Турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашгач эса 400 000 сўм бера олишини айтди, ҳолатидан келиб чиқиб рози бўлдим. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. 

Суд иш бўйича тўпланган далилларга баҳо бериб, судланувчининг содир қилган жинояти далиллар билан исботланган деб ҳисоблади.

Шерзод ЭШМАТОВ, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси: 

— Судланувчи Жиноят кодекси (ЖК)нинг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилди. ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 1 йил муддатга умумтаълим мактабларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 12 250 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

 

 

    Бошқа янгиликлар