АҚШ вице-президенти Камала Харрис ва Украина етакчиси Владимир Зеленский Мюнхен конференцияси доирасидаги биринчи учрашувини ўтказди ва унда Украинадаги вазият муҳокама қилинди. Бу ҳақда Zamon.uz' нашри ёзмоқда.
Қайд этилишича, музокаралар давомида, агар Россия Украинага бостириб кирса, Москвага нисбатан тезкор ва қатъий иқтисодий чоралар кўрилиши айтиб ўтилган.
Америка вице-президенти Қўшма Штатлар Россия "агрессияси"га қарши Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаган.
"Россия ҳарбий ҳаракатларининг кучайиши олдида АҚШ Украина билан бирга. Мен Мюнхенда президент Зеленскийга айтганимдек, биз Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқмиз", - деди Харрис баёнотида.
Зеленский, ўз навбатида, томонлар Украина атрофидаги вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш йўлларини излашни давом эттиришга келишиб олганини айтган.
"Мен АҚШ вице-президенти Камала Харрис билан муҳим музокаралар ўтказдим. Биз Украина атрофидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга баҳо бердик. Кескинликни юмшатишнинг дипломатик йўлларини топиш зарурлиги ҳақида бир овоздан фикр билдирдик”, - деб ёзади у.
Таъкидланишича, Мюнхенда Харрис Германия канцлери Олаф Шольц, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Леен ва Греция бош вазири Кирякос Митсотакис билан Украина масаласини алоҳида муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дмитрий Кулеба Украина ҳеч қандай ҳужумкор операцияларни режалаштирмаганини маълум қилганди.






