Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида экстремистик ташкилотларнинг ноқонуний равишда фаолият юритган бир гуруҳ аъзолари аниқланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мазкур ҳолат аниқланди. Пойтахт ИИБ буни маълум қилди.
Қайд этилишича, тадбир давомида ушланган шахсларнинг яшаш манзилларида ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасида, экстремистик оқим ва ҳалқаро террорчилик ташкилоти тарғиботчиларининг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва тақиқланган материаллари топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Ўтказилган тадбирлар натижасида экстремистик ташкилотларга алоқадор 24 нафар шахслар ушланиб, уларга нисбатан тергов давом этаётгани хабар қилинди.
"Шу ўринда, фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларига алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликларини, уларни сақламасликларини ва тарқатмасликларини сўраб қоламиз",-дейилади хабарда.






