Тадбиркорлик фаолиятини эндигина бошлаётган юртдошларимиз банкдан имтиёзли кредитлар олиб, ўз иш фаолиятини бошлашга ҳаракат қилади. Қўлида маблағи йўқ инсон учун кредит бир имкониятдир. Бугун банклар томонидан якка тартибдаги тадбиркорларга ажратилаётган имтиёзли кредитлар берилишида банк, тадбиркор ва таъминотчи ўртасида тузилаётган шартномалар мавжуд. Уч томонлама тузилган шартномалар шарти кўп ҳолларда таъминотчилар томонидан бузилаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз.
Самарқанд вилояти Иштихон тумани “Каттақангли” МФЙ 37-уйда яшовчи фуқаро Гулҳаё Сайдуллаева 2022 йил 12 январ куни Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси “ ишонч телефони”га мурожаат қилган. У ўз мурожаатида Агробанкдан тикувчилик фаолиятини бошлаш учун 27 миллион 300 минг сўм имтиёзли кредит олганини маълум қилган. Юқорида келтирганимиз уч томонлама шартномага мувофиқ тадбиркор Гулҳаё Сайдуллаевага таъминотчи Комил Туйғунов томонидан 27 300 000 сўм эвазига тикув машинаси ва хом ашё етказиб берилиши керак бўлган. Маблағ банк томонидан таъминотчига ўз вақтида ўтказилган бўлса ҳам, келишувга биноан Комил Туйғунов тадбиркорга вақтида тикув машинаси ва хом ашёларни етказиб бермаганидан Г. Сайдуллаева норозилик билдирган.
Бу каби вазиятда ваъда бериб, вақтида бажармаслик инсонийлик принципларига ҳам қонунийлик тамойилларига ҳам тўғри келмайди. Самарқанд вилояти Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ушбу мурожаат ўрганилди. Таъминотчи Комил Туйғуновга шартномани бажариш тамойиллари тушунтирилди. Истеъмолчининг ҳуқуқлари қонуний жиҳатдан ҳимояланиб, мурожаати ижобий ҳал этилди. Г.Сайдуллаевага 27 300 000 сўмга тикув машинаси ва хом ашёлар етказиб берилди. Ҳал этилган бу мурожаатнинг таг замирида бир аёл тақдири, орзу-мақсадлари турибди. Бугун шартнома шартини бажармаётган, ваъда бериб чўзиб юрган таъминотчилар бир ўйлаб кўришсин, уларнинг бундай ўйинлари натижасида кимнингдир оиласи, ёш гўдаклари жабр чекиши, эндигина тадбиркорликка қадам қўяётган бир инсоннинг қадди букилиши мумкин. Инсонлар тақдирини эса уйин қилиб бўлмайди!
Гулноза Шарафова, журналист






