Хабарингиз бор аввалроқ, Президент йиғилишда бундан буён ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилишини маълум қилган эди. Айни пайтда Ички ишлар вазири ЎзА’га берган интервьюсида ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими қандай ишлаши ҳақида тушунтирди.
“Агар ҳайдовчи томонидан 12 ой давомида содир этилган қоидабузарликлар учун ҳисобланган жарима балларининг умумий миқдори 12 баллдан ошса, у транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Қоидабузарлик содир этмаган ҳайдовчиларга эса бонус баллари ҳисоблаб борилади”, дейди Пўлат Бобожонов.
Шунингдек, таъкидланишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ қонунчилик такомиллаштирилади. Транспорт воситасини қасддан тартибсиз бошқариш, ўзбошимчалик билан ҳаракат қатнашчиларини тўхташга мажбур қилиш орқали хавфни юзага келтирганлик учун жавобгарлик белгиланади.
“Ўқитмасдан ва ўргатмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини берганлик учун ҳам жазо чоралари кўзда тутилади.
Сир эмаски, кейинги пайтларда йўл-патруль хизмати ходимларининг хизмат фаолиятига ноқонуний аралашиш, тўсқинлик қилиш, ҳатто қаршилик кўрсатиш ҳолатлари кузатилаётган эди.
Энди бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилади. Соҳа вакилларининг шахсий ҳимоя ва фаол мудофаа воситаларидан фойдаланиши борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилади”, - деган вазир.






