Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров 8 та ҳолатда жами 19618 кв. метр ер майдонини ноқонуний ажратиш орқали давлат манфаатларига 1 млрд 779 млн сўм зарар етказганликда айбланмоқда.
Ҳоким бир вақтнинг ўзида депутат бўлганлиги боис Андижон вилояти прокуратураси уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича Халқ депутутлари Андижон вилояти кенгашига тақдимнома киритди. Бу ҳақда “Gazeta.uz” интернет нашри хабар бермоқда.
Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган жиноят иши доирасида депутат ва шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровни терговга жалб қилиш мақсадида Андижон вилояти прокуратурасига тақдимнома киритилди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Баҳром Ҳайдаров ҳокимият ҳузуридаги Ер майдонларини ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия аъзолари билан гуруҳда Ер кодексининг 17, 23, 62 моддалари, қолаверса, президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарор ҳамда фармойишларига зид равишда жисмоний ва юридик шахсларга аукцион орқали ўзининг ваколатидан қасддан фойдаланиб, ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратилиши ҳақида мутасадди мансабдорларга кўрсатма бергани аниқланган.
Бундан ташқари, ҳоким аслида бекор қилинган ҳужжатларни асос қилиб кўрсатган ҳолда, комиссия далолатномалари ва ер ажратиш тўғрисидаги қарорларига сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, 2019−2020 йилларда ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги қарор ва фармойишларни қабул қилган.
Тақдимномага мувофиқ, Баҳром Ҳайдаров жами 8 та ҳолатда 19 618 квадрат метр ерни ноқонуний ажратиш орқали жами 1 млрд 779 млн сўм минимал аукцион баҳоси қийматидаги пул маблағларини давлат бюджетига ундирилмай қолишига сабабчи бўлган ва давлат манфаатларига зарар етказган.
Шаҳар ҳокимининг ҳаракатларида ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми «а» банди, 209-моддаси 2-қисми «а» банди ва 229-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятлар таркиби мавжудлиги қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, унга нисбатан эҳтиёт чораларини қўллаб лозимгини кўрсатилган.
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбарининг хабар беришича, мазкур хат асосида 3 февраль куни Андижон вилояти прокуратураси томонидан Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашига тақдимнома киритилган.






