“Uzbekistan Airports” АЖнинг “Қарши” аэропортида одамлар тирбандлиги бўйича расмий баёнот берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 22 февраль куни эрта тонгдан Россиянинг Red Wings авиакомпаниясининг Қарши – Москва (Домодедово аэропорти) йўналиши бўйича парвоз қилиш ниятида йўловчилар Қарши халқаро аэропортига кела бошлаган. Маҳаллий вақт билан соат 08:00 га келиб, аэропортга 150 га яқин одам тўпланган.
Бироқ бу рейс Қарши аэропорти жадвалида бўлмаган. WZ-4492 рейси Навоий аэропортидан бугун соат 15:00 да учиши керак. Шу билан бирга, Easy Booking ва Atlas Avia tour онлайн хизматларида харид қилинган чипталарда жўнаб кетиш Қарши шаҳридан соат 08.00да этиб кўрсатилган.
Қарши аэропортининг тушунтиришича, баъзи авиакассалар бир шаҳардаги йўловчилар танқислигини бошқа шаҳарга сотиш йўли билан қоплайди ва йўловчиларга жўнаш шаҳри ҳақида атайлаб нотўғри маълумот беради. Аммо шу билан бирга, амалга оширувчилар трансферни ташкил этишга мажбурдирлар. Бунда Қаршидан Навоийга ўтиш ташкил этилмаган. Йўловчилар қўшни шаҳарга ўз ҳисобидан шахсий таксиларда боришга мажбур бўлган.
“Навоий” аэропортида маълум қилинишича, терминалга WZ-4492 рейси йўловчилари кела бошлади. Парвоз учун рўйхатдан ўтиш маҳаллий вақт билан соат 12:00да бошланган.
Жамият хабарига кўра, “Uzbekistan Airports” АЖ авиачипталарни сотиш жараёнига масъул эмас.






