АсосийJamiyat

Раққосаларга қўшилиб рақс тушаётган примадонна, ёхуд Юлдуз Усмонова концерт кунларини яна узайтирадими?

'Раққосаларга қўшилиб рақс тушаётган примадонна, ёхуд Юлдуз Усмонова концерт кунларини яна узайтирадими?'ning rasmi

Анъанага мувофиқ, бу йил ҳам баҳорнинг илк ойида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова “Халқлар дўстлиги” санъат саройида янги концерт дастурини тақдим этади. Айни кунларда тайёргарлик жараёни қизғин кечмоқда. "Даракчи" концерт олди махсус репортаж тайёрлади. Шунингдек, кўпчиликка қизиқ бўлган айрим саволларга ҳам жавоб олдик. 

— Аввало, сизга ҳорманг деймиз. Биринчи саволимиз, тайёргарлик жараёнида Юлдуз Усмоновани қийнаётган ҳолатлар ҳам кузатиладими?

— Раҳмат, саломат бўлинглар! Репетицияни икки ой олдин бошлагандик. Ҳар куни деярли шу ердамиз. Орада созандаларимиз тўй хизматларига чиқиб келишади. Шунақа пайтда дам оламиз, холос. Албатта, жараёнда ҳар хил ҳолат бўлади. Қийинчилиги эса, масалан, бир раққоса келса, иккинчисини кутишимизга тўғри келиб қолади. Аксарият қизларимиз Хореография академиясида таълим олаётган талабалар бўлишганлиги сабаб репетиция жараёнларига дарсдан сўнг келишади. 

— Яхши биламизки, Юлдуз Усмонованинг концертига тушишни, унинг саҳнадаги ижросини эшитишни хоҳловчилар кўп. Биздаги маълумотларга кўра, чипталар аллақачон сотилиб бўлган. Яна талаб бўлса, концерт кунлари узайиши мумкинми?

— Йўқ. Тўғри, чипталар сотилиб бўлган, икки кун кундузги вақтда берилиши керак бўлган қўшимча дастурнинг чипталари ҳам ҳали эълон қилинмасдан туриб тугаб бўлди. Лекин энди талаб бўлса ҳам, қўшимча кун қўша олмаймиз. Сабаби, бу ерда соғлик масаласи ҳам бор-да. Концерт тўлиқ жонли ижрода бўлади. Овоз чарчаши табиий. Дастурнинг ҳеч бўлмаганда 30 фоизи фонограмма бўлганда ҳам бошқа масала эди. 

Концерт муҳаррири Лола Собированинг сўзларига кўра, Юлдуз Усмонова  кутган натижаси чиқмагунча ўн соатлаб қайта-қайта ҳаракат қилаверади. У билан ишлаётган ҳеч бир одам талабчанликлари ва даккиларидан хафа бўлмайди. 

Юлдуз Усмонова билан қилинган махсус интервьюни ва видеорепортажни эса яқин тез орада "darakchi.uz" сайтида ва 24 февраль куни нашрдан чиқадиган "Даракчи" газетасининг 8-сонида ўқишингиз мумкин!

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА, Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар