Кеча, сешанба куни Вашингтонда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Украинани қўллаб-қувватлаш мавзуси муҳокама қилинган. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.
"Биз давлат котиби билан Украинани халқаро миқёсда ҳимоя қилиш бўйича қадамларни муҳокама қилдик. Украинани қўллаб-қувватлаш учун Иккинчи жаҳон уруши даврида қўлланилган Ленд-Лиз дастурига ўхшаш дастурни таклиф қиламиз",- дейди Кулеба Блинкен билан учрашув якунлари бўйича матбуот анжуманида.
Вазирнинг сўзларига кўра, бундай дастур Украина мудофаасидаги чидамлилик ва самарадорликка ёрдам беради.
Ленд-Лиз — бу давлат дастури бўлиб, унга кўра Америка Қўшма Штатлари худди Иккинчи Жаҳон урушидаги каби иттифоқчиларини ўқ-дорилар, асбоб-ускуналар, озиқ-овқат, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар, стратегик хом ашё, шу жумладан нефть маҳсулотлари билан таъминлайди.
Киев расмийларига кўра, Украина ўзига таҳдид солаётган Россия билан урушга аллақачон тайёр.
"Бизда турли режалар бор. "А" режаси - Россияни ушлаб туриш ва кейинги тажовуздан қочиш учун барча дипломатик воситалардан фойдаланиш ва "Б" режаси - ҳар бир қарич шаҳарларимиз, ҳудудимиз учун курашиш ва ғалаба қозонгунча тўхтамаслик", -дейди Украина ташқи ишлар вазири.
У Украинанинг НАТОга кириш истаги Россия Федерацияси учун хавф туғдириши ҳақидаги баёнотларини "баҳона" деб атади. Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Россия уларни айблаш учун сабаб топмоқчи.
Кулеба Украина ҳеч қачон ДХР ва ЛХР суверенитетини тан олмаслигини айтди.
"Кеча президент Владимир Путин Украина ерларининг икки қисмини мустақил тузилмалар сифатида тан олди. Украина ҳеч қачон бундай бемаъниликни тан олмайди, дунё ҳам буни тан олмайди", - деди Кулеба.
Унинг фикрича, Донецк ва Луганск халқ республикаларининг мустақиллигини тан олиш билан Россия гўёки Украинадаги қуролли можаро учун ўз масъулиятни олган.
Дилбар Абдунабиева






