Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “ҳизб ут-Таҳрир” террористик ташкилоти тарафдорлари фаолиятига чек қўйилди, дея хабар бермоқда Самарқанд вилояти ИИБ Матбуот хизмати.
Тадбир доирасида Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи “А.О.” бошчилигидаги 8 нафар маҳаллий фуқаролар ижтимоий тармоқларда виртуал халқа тузиб, “Ҳизб ут-Таҳрир” террористик ташкилоти ғоялари билан йўғрилган материалларни мунтазам равишда тарқатиб, муҳокама қилиб келганликлари аниқланди.
Шунингдек, мазкур гуруҳ етакчиси “А.О.” Интернет тармоғи орқали “Ҳизб ут-Таҳрир” террористик ташкилоти ғоявий раҳномаларидан бири 1980 й.т., Қирғизистон фуқароси Холдаров Махмуджон Абдумаликович (лақаби. “Махмуд Абдулмўмин”) билан алоқа боғлаб, унинг кўрсатмалари асосида фаолият олиб бораётганлиги аниқланди.
Ўтказилган тадбир давомида, “виртуал халқа” аъзоларининг ноқонуний фаолиятини фош этувчи ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилди ва халқа аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми, 244 (прим-1) моддаси 3-қисмлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






