Кеча, 22 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди.
Унда хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимча устамалар тўлаш тартиби юзасидан Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Истиқболли кадрлар селекцияси бошқармаси масъул ходими Абдураҳмон Умаров маълумот берди.
Ҳозирда хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олаётган, илм-фан билан шуғулланаётган ҳамда юксак билим ва малакага эга бўлган ёшларининг Ўзбекистонга келиб ишлаши учун зарур шарт-шароит яратиш, уларга уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизим жорий этилмоқда.
2021 йилнинг 13 июлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ – 6260-сонли Фармони эълон қилинган.
Мазкур фармоннинг 5-бандида давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилган.
Брифингда жорий этилган тартиб юзасидан иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб берилди.
Маълумот учун, устама олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига электрон шаклда тақдим этилиши белгиланган.






