Айни дамда Украинада бўлиб турган ҳарбий тўқнашувлар сабаб бошқа давлатлар ўз фуқароларини мамлакатдан олиб чиқиш ҳақида ўйлаяпти.
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси фуқароларимизни учинчи давлатдан олиб чиқиб кетилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
"Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Украина ҳаво ҳудудининг ёпилишини инобатга олган ҳолда жўнаб кетиш йўналишлари ва жўнаб кетиш жойи ишлаб чиқилмоқда.
Мақбул эвакуация йўналишлари бўйича масалалар учинчи давлатларнинг манфаатдор хизматлари билан келишилган сари, Ўзбекистон фуқаролари Элчихонанинг www.uzbekistan.org.ua сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналларида қўшимча равишда хабардор қилинади.
Украинадан чиқиб кетишни хоҳловчи Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари паспорт маълумотларини Элчихонанинг embassy@uzbekistan.org.ua электрон манзилига юборишлари сўралади.
Украинада бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан тинчлик сақлашларини ва қўшимча саволлар туғилганда Элчихона билан алоқада бўлишларини сўраймиз", дейилади, ўзбекистонликларга жўнатилган хабарда.
Бундан ташқари:
- Қозоғистон элчихонаси Украинадаги ватандошларини эвакуация қилишни бошлади.
- Хитойнинг Украинадаги элчихонаси ўз фуқароларига автомобилларнинг кўзга кўринган қисмларига ХХР байроғи тасвирини ёпиштиришни тавсия қилди.
- Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг Украинадаги фуқароларига хотиржамликни сақлаш ва иложи бўлса, уйда қолишга чақирмоқда.






