1

Президент Самарқандда ўнлаб раҳбарлар нега бирдан ишдан олинганига тўхталиб ўтди

ЖАМИЯТ 24.02.2022, 13:42
Президент Самарқандда ўнлаб раҳбарлар нега бирдан ишдан олинганига тўхталиб ўтди

Айни пайтда давом этаётган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев Беруний тумани аҳолисининг иқтисодий-ижтимоий аҳволи статистикасига тўхталди. Бу ҳақда  "Даракчи" мухбири хабар бермоқда.

Келтирилишича,  Беруний туманида 24 фоиз аҳоли тўқ яшайди. Уларга ёрдам керак эмас. Хатловлар натижасида 71 фоиз берунийликлар қўшимча даромад топиш истагини билдирган. 5 фоиз ижтимоий ҳимояга муҳтож.

“Бу жуда катта кўрсаткич! Мана шу сонлар масъулларнинг қанчалик ёмон ишлаганига ишорами? Умуман ишламагансизлар, десак ҳам бўлади. Ишсизлик 7000 дан ортиқ. Мен ўйлайманки, бунданам кўп. Бугун маҳалла раислари бўйнида катта масъулият бор. Лекин энди уларнинг қўлларида пул бор. Тўғри, у пул камдир. Агар берилаётган маблағларни тўғри, ҳалол ва тизимли сарфласангиз, яна кўпроқ беришга тайёрман. Мен пул билан келганман. Айтинглар, кимга қандай ёрдам берай?” – деди Президент.  

Беруний туманига бюджетдан қўшимча 50 млрд. сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Президентнинг “Нима деб ўйлайсан, эплай олишадими?” – деган саволига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев: “Беруний тумани савдо чорраҳасида жойлашган, бу ерда ишламасликнинг ўзи иложи йўқ. Агар барча масъуллар ўз вазифасини сидқидилдан бажаришса, албатта, мақсадга эришишади”, - дея ишонч билдирди.

Шунингдек, давлат раҳбари Қорақалпоғистон Республикасининг айрим туманлари сектор раҳбарларига уйғониш вақти келгани, қаттиқ ишлаш кераклиги таъкидлаб, уларга Самарқанд вилоятида бирдан ишдан олинган ўнлаб раҳбарларни эслатди:

“Самарқандни кўрдингизми, нечта ҳоким, прокурорларни ишдан олдим. Хабарингиз борми? Нега уларни ишдан олдим? Ҳаммасининг кўзларига қарадим – мудраб ўтирибди, ишламаган. Мудрасак, одамлар қачон биздан рози бўлади?” – деди Шавкат Мирзиёев.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1