2022 йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Исроил Давлати Ташқи ишлар вазири Яир Лапид ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар берди.
Суҳбат аввалида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Исроил Давлати ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги (1992 йил 21 февраль) муносабати билан ўзаро табрик алмашдилар.
Сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.






