Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳрида намунавий дизайн асосида автобус оралиқ бекатларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муҳокамага қўйилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Қарорга Президентнинг 2022 йил 2 февралдаги “Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-111-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асос бўлиб хизмат қилади.
Унга кўра, шаҳар аҳолиси ва унга ташриф буюрувчи меҳмонларга қулайликлар яратиш мақсадида бекатларни намунавий лойиҳа асосида ташкил этиш таклиф этилмоқда.
Қарор билан "Автобус бекатлари жойлаштириладиган ер майдонларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали тадбиркорлик субъектларига ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик фойдаланишга бериш тўғрисида"ги низом ҳам тасдиқланади.
Ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар асосида Тошкент шаҳридаги 280 та автобус бекатлари 2022 йил якунига қадар электрон онлайн аукцион савдоларига жойлаштирилиши режалаштирилмоқда.
2022 йил 1 сентябрга қадар савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари мавжуд бўлган амалдаги автобус бекатларида йўловчилар, шу жумладан, аҳолининг имконияти чекланган гуруҳлари учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш чоралари кўрилиши ҳам белгиланган.
Қарор лойиҳаси билан танишиш ва унинг муҳокамасида 11 мартгача иштирок этиш учун ҳавола.