Бухоро шаҳридаги Нодир Девонбеги мажмуасида Ички ва зиёрат туризм ярмаркаси ўтказилди. Унда вилоятдаги ҳунармандчилик маҳсулотлари, вилоятда зиёрат ва ички туризм йўналишида фаолият юритувчи туроператорлар,шунингдек, республиканинг барча ҳудудларидан туристик компаниялар вакиллари иштирок этишди. Бундан ташқари, вилоятлар ўртасида сайёҳлик мавсумидаги ички ва зиёрат туризми йўналишини маҳаллий ва хорижий сайёҳларга кенг тарғиб қилинди.
Тадбирда соҳа мутасаддилари қаторида Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларидан туристик операторлар, меҳмонхона бизнеси вакиллари, шунингдек, ҳунармандлар, сайёҳлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Бу борада давлат раҳбарининг «2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва бошқа қарорларининг изчиллик билан амалиётга татбиқ этилиши натижасида сайёҳлик индустрияси ривожланиб, қадимий диёримизга ташриф буюраётган чет эллик ва маҳаллий туристларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда.
Ўтган йилда вилоятда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва янги туризм объектларини барпо этилиши натижасида 450 дан ортиқ қўшимча янги иш ўрни ташкил этилиб, хорижий сайёҳлардан тушган йиллик тушум ҳажми 60 миллиард 600 миллион сўмга етгани қадимий кентга бўлган қизиқиш ифодаси, албатта.
— Бухорода расман бошланаётган сайёҳлик мавсуми стартида – Ички ва зиёрат туризми ярмаркасига биз «Беназир Қашқадарё» йўналиши бўйича 3 кун ва 2 кечалик зиёрат ва гастро-этнотур дастури тақдимотини тайёрлаб келганмиз, – дейди тадбирда қатнашган туроператорлардан бири, қўшни вилоятнинг Қарши шаҳрида фаолият кўрсатувчи «Сандувоч парвози» МЧЖ раҳбари Ҳафиза Эгамбердиева. — Бу дастурга биноан сайёҳларнинг буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур қурдирган «Оқ сарой» обидаси, муаззам Амир Темур кўприги, шунингдек, «Кўк гумбаз» масжиди, Абу Убайда ибн ал Жарроҳ, Абу Муъин Ан-Насафий, Лангарт ота қадамжоларига ташриф буюришлари, Кеш, Ғилон, Чияли, Қовчин, Хўжа илғор каби қадимий қишлоқларнинг бугуни билан яқиндан танишишлари, воҳага хос миллий таомларимиздан баҳраманд бўлишлари мумкин.






