АсосийDunyo

Ўзбек икати АҚШда урф бўлмоқда

'Ўзбек икати АҚШда урф бўлмоқда'ning rasmi

Американинг дунёга машҳур “Ralph Lauren” модалар уйи ўзбек миллий нақшлари акс этган  икатдан илҳомланиб яратилган 2022 йил баҳори учун янги тўпламни тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, америкалик дизайнерлар  икатнинг қўлда тайёрланган ноёб босмалари баҳорга дадил қарашни ифодаловчи янги мавсумнинг ўзига хос ажойиб мотивидир, дея таъкидлашмоқда.

«Ralph Lauren» дизайнерларининг фикрича, икат босмаларида боқий суратлар акс этган бўлиб, ушбу матодан тикилган либосларда янги бетакрор тасвирларни кўриш мумкин.  

Айни ўринда шуни ҳам қайд этиш жоизки, икат, хон-атлас, адрас каби миллий матолар дунёнинг, шу жумладан АҚШнинг машҳур кутюрьелари, мода уйлари, дизайнерлари ва рассомларини ҳамиша илҳомлантириб келган. Хусусан, 2018 йил Фрир санъат галереяси ва Жорж Вашингтон университетининг тўқимачилик музейида Марказий Осиё икатига бағишланган иккита йирик тўқимачилик кўргазмаси ўтказилди. Кўргазмага ташриф буюрганлар, айниқса, мода саноати вакиллари қўлда тайёрланган икатнинг гўзаллигидан қойил қолиб, ушбу матодан тикилган кийимлар мода дизайнерларига янги нафис ва замонавий тасвирларни яратишга илҳом бағишлашини таъкидлади.

Мухтасар қилиб айтганда, кўп йиллардан буён кийим-кечак ва мебель саноатида фойдаланиб келинаётган икат ёки ундан тайёрланган босмалар АҚШ замонавий дизайнерлик санъатининг муҳим таркибий қисмига айланмоқда. Бугунги кунда Америка Қўшма Штатларида икат акс этган ёстиқ, телефон ғилофи, рюкзак ва бошқа кўплаб маҳсулотларни харид қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Ralph Lauren» 1967 йил дизайнер Ральф Лорен томонидан асос солинган кийим-кечак, аксессуарлар, парфюмерия, мебель ва бошқа премиум уй-рўзғор буюмлари бренди ҳисобланади. Бугунги кунда компания 530 та чакана савдо дўкони ва 654 та концессия дўконини бевосита, шунингдек 139 та «Club Monaco» дўконини лицензияланган шериклар орқали бошқариб келмоқда. «Ralph Lauren» компанияси тизимида 25 минг ходим меҳнат қиади, 2021 йил унинг йиллик даромади 4,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

    Бошқа янгиликлар