Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси мамлакатдаги ўзбекистонлик фуқароларни эвакуация қилиш ишлари ҳақида қўшимча маълумот берди.
Хабарда айтилишича, ҳозирда фуқаролар Украина–Полша чегарасини кесиб ўтишни бошлаган. Украина ва Полша чегарачилари, биринчи навбатда, аёллар ва болаларни ўтказмоқда. Чегарани кесиб ўтиш узоқ вақт олади. Биринчи гуруҳ учун бу жараён 14 соат давом этган. Лвовга кўп сонли қўшимча эвакуация поездлари етиб келгани ҳисобига чегарани кесиб ўтиш вақти чўзилиши мумкин.
“Чегарада одамларнинг кўплиги туфайли аввал эълон қилинган ъяшил йўлакъ ишламаяпти, чегарадан ўтиш фуқаролигидан қатъи назар, навбат асосида амалга оширилмоқда. Чегарани кесиб ўтиш пиёда амалга оширилмоқда, шу муносабат билан фуқароларимиздан чегарада совуқ ҳаво бўлаётганини ҳисобга олишларини сўраймиз. Ҳужжатлари бўлмаган (у ёки бу сабабларга кўра) фуқароларимиз учун шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг ҳеч бўлмаганда қоғоз кўринишидаги нусхаси ёки мобил телефонида сканер қилинган нусхаси бўлишини сўраймиз”, — дейилади элчихона мурожаатида.
Чегара олдидаги тирбандлик ҳолатлари вазиятдан келиб чиққан ҳолда элчихона аёллар ва болаларни имкони борича чегарага яқинроқ жойга етказишни таъминлайди. Мустақил равишда чегарага етиб бориш имкониятига эга бўлган фуқароларга тўғридан тўғри чегарага бориш тавсия этилади.
“Лвовга етиб келган ҳурматли ватандошлар, сиздан хотиржам бўлишингизни сўраймиз. Афсуски, диаспорамиз вакили М.Солиев бир вақтнинг ўзида юзлаб одамларнинг муаммоларини жисмонан ҳал қила олмайди. Шу муносабат билан, имкон қадар бир-бирингизга ёрдам беришингизни, юртдошларимизга келишни мувофиқлаштиришда ёрдам берадиган кўнгиллилар гуруҳларини шакллантиришингизни илтимос қилиб мурожаат қилинмоқда. Халқимизнинг миллий анъаналарига асосланиб, юртдошларимиздан, энг аввало, аёллар, болалар, талаба-ёшлар ва кексаларга ёрдам беришларини сўраймиз”, — дейилади хабарда.
Полша томонида Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси вакили жойлашган бўлиб, фуқароларни ватанга жўнатиш ишларини мувофиқлаштиради. Вакил ҳужжатлар расмийлаштириш билан аеропортда шуғулланади.






