Россия раҳбари Владимир Путин Россия тийиб турувчи кучларини махсус шай ҳолатга келтиришни буюрди. У Мудофаа вазири ва Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи билан учрашувда ушбу кўрсатмани берди. Қайд этилишича, учрашув Россия Федерациясининг Украинадаги махсус ҳарбий операцияси фонида бўлиб ўтган.
Путин ядровий кучларни шай қилишга қуйидагича сабабни келтириб ўтган.
"НАТОга аъзо етакчи давлатларнинг юқори мансабдор шахслари мамлакатимизга қарши тажовузкор баёнотларга йўл қўймоқда. Шунинг учун мен мудофаа вазири ва Бош штаб бошлиғига Россия армиясининг тийиб турувчи кучларини махсус жанговар навбатчилик режимига ўтказишни буюраман",- деган Путин учрашувда.
Мудофаа вазирлиги раҳбари ва Бош штаб бошлиғига мурожаат қилган Путин Ғарб давлатларини иқтисодий соҳада ҳам Россияга қарши нодўстона ҳаракатларни амалга ошираётинини таъкидлаган.
"Мен ноқонуний санкцияларни назарда тутяпман, буни ҳамма яхши билади", — дея қўшимча қилади у.
РФ Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Россиянинг Стратегик тийиб турувчи кучлари таркибига стратегик ҳужумкор кучлар (ШК) ва стратегик мудофаа кучлари (СМК) киради. ШК асосини қитъалараро ракета ва авиация тизимлари билан жиҳозланган, юқори аниқликдаги узоқ масофали қуроллар стратегик ракета кучларини ўз ичига олган стратегик ядро кучлари ташкил қилади.






