2022 йилнинг 1-2 март кунлари "Uzbekistan Airways" " АЖнинг учта самолёти билан 677 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси Полшанинг Катовице аэропорти орқали Украинадан эвакуация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили маълумот берди.
Унга кўра, жорий йил 2 март ҳолатига кўра, умумий ҳисобда Украинадан Полша ҳудуди орқали бешта авиарейслар билан 1 186 нафар ватандошимиз олиб келинди.
Бугун яна иккита эвакуация қатновини ташкил этиш режалаштирилган. Биринчи рейс Тошкент шаҳридан соат 07:00 да учиб кетган бўлса, кейингиси соат 10:00 да парвоз қилади.
Полша ҳудудида мамлакатимизнинг 800 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. Улардан 350 нафари Полша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, 450 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган.
Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги Элчихонаси томонидан жанговар ҳаракатлар кетаётганига қарамай, мамлакатимиз фуқароларини эвакуация қилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Мамлакатимизнинг Полша ва Украинадаги дипломатик ваколатхоналари узлуксиз тартибда ишламоқда. Фуқароларимиз учун иссиқ овқат етказилиб, зарур ҳолларда тиббий хизматлар кўрсатилмоқда.






