Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги йиғилишида жамоатчилик анчадан бери кутаётган муҳим қонунлрадан бири саналган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ва учинчи ўқишларда маъқулланиб, Сенатга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Қонун лойиҳасининг муҳимлиги шундаки, у билан Ўзбекистон давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият идораларида меҳнат қилаётган 200 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти, уларнинг мақоми ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига кириш ҳамда ушбу тизимда коррупция ва манфаатлар тўқнашувини олдини олишга оид муносабатлар тартибга солиш кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, эндиликда ваколатли орган (Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ёки халқ тилида АРГОС) томонидан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда реестрга киритилган лавозимларга давлат хизматчилари очиқ танлов асосида тайинланади.
Реестрга киритилган давлат фуқаролик лавозимлари гуруҳ ва тоифаларга ажратилиб, давлат хизматчисига унинг лавозим гуруҳи ва тоифасидан келиб чиқиб, малака даражалари (чин) берилади.
Ваколатли давлат органи томонидан давлат хизматчиси фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ишлаб чиқилади ҳамда давлат хизматчисининг муносиб рағбатлантирилиши ва хизмат поғонасида кўтарилиши ана шу баҳолаш тизими натижалари асосида таъминланади.
Шунингдек, қонун билан давлат хизматчисига ўзининг даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топшириш (декларация топшириш тартиби ва муддати алоҳида қонун билан белгиланади), ўз хизмат фаолиятига ташқи таъсирлар олдини олиш ҳамда ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслар фаолиятига ноқонуний таъсир ўтказмаслик мажбуриятларии юкланмоқда.
Бундан ташқари, қабул қилинган қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматчисига қуйидагилар тақиқланмоқда:
- ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахслар бевосита бўйсунув ва назорати остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш;
- педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш;
- тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки тадбиркорлик фаолияти ташкил этиб, унинг муассиси бўлиш;
- ўз мавқеидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифасини бажариш эвазига жисмоний ва юридик шахслардан ҳар қандай турдаги мукофот ёки совға олиш;
- чет эл фуқаролигига эга бўлиш;
- республика ҳудудидан ташқарида банк ҳисобварақлари очиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш.
Таъкидланишича, қонун лойиҳаси аҳамиятидан келиб чиқиб, уни такомиллаштириш ва иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида кўплаб депутатлар фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва ташаббусларини илгари сурдилар.






