2022 йил 2 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов жорий йилнинг 3-4 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик” юқори даражадаги халқаро конференсияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган БМТ Бош котиби ўринбосари – БМТнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакатимиз билан Ташкилотнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов дунёнинг уруш бўлаётган турли нуқтларидан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш ишларининг аҳамияти ҳақида гапирди. Жумладан:
– Ўзбекистоннинг “Меҳр” махсус операциялари доирасида ўз фуқароларини уруш ҳудудларидан қайтариш ва уларнинг жамиятга интеграциялашувини таъминлаш тажрибаси БМТга аъзо кўплаб мамлакатлар учун фойдали бўлади деб ҳисоблаймиз, деди Абдулазиз Камилов
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганининг 30 йиллиги (1992-йил 2-март) муносабати билан ўзаро табриклар алмашдилар.






