АсосийJamiyat

Ўзбекистонга Хитойдан навбатдаги электровоз келтирилди

'Ўзбекистонга Хитойдан навбатдаги электровоз келтирилди'ning rasmi

"Термиз минтақавий темир йўл узели" УКга Хитойдан замонавий ва юқори қувватга эга юк ва йўловчи локомотиви келтирилди. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ хабар берди.

Таъкидланишича, "Термиз минтақавий темир йўл узели» УК тасарруфидаги темир йўл линиялари тоғли худуднинг мураккаб рельефига эга бўлган минтақада жойлашган ва ушбу шароитда темир йўл ташувларини замонавий ва кучли электровозлар ёрдамисиз тасаввур қилиш қийин.

Хитой давлат холдинг компанияси CRRC Group (China Railway Rolling Stock Corporation - «Хитой темир йўл компанияси»)да Ўзбекистон иқлим шароитларини инобатга олиб ишлаб чиқарилган электровозлар мана бир неча йилдан бери ўзини яхши томонидан кўрсатиб келмоқда.

Янги келтирилган электровоз юқори қувватга эга 2 секциядан иборат 8 ўқли йўловчи ва юк электровози бўлиб, унинг қуввати 9,600 кВт ни ташкил этади. Унинг қуввати туфайли локомотив барча об-ҳаво шароитларида оғир юклар билан ортиқча қийинчиликларсиз ҳаракатлана олади. Техник тавсифига кўра, мазкут турдаги локомотив тезликни соатига 120 км.гача ошириши мумкин. Ҳар бир локомотивнинг ишлаш муддати – 40 йил.

Электровоз TOSHIBA компанияси томонидан ишлаб чиқарилган TCMS замонавий назорат-диагностика тизими билан жиҳозланган бўлиб, ушбу тизим электравозни ортиқча юкланишлардан, носозликлардан ҳимоя қилади ва машинистга ўз вақтида хабар беради. Яъни электравознинг электрон ускуналарининг ҳолати, юқори ва паст кучланишли электр жихозларининг ҳолати, тормоз тизими, ҳавфсизлик тизими, радиоалока тизими ва бошқа тизимларнинг созлиги буйича монитор орқали кўрсатиб туради. Мисол учун, агар сафар давомида ускуналарда муаммо аниқланса, ушбу хабар ички компьютер мониторига чиқарилади ва бу ерда, шу билан бирга уни бартараф этиш чоралари ҳақида маълумот ҳам берилади, – дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар