Кеча, 1 март куни Тошкентда Ўзбекистондаги илк HIS.H.H. меҳмонхона бренди ҳисобланган 4 юлдузли “Hotel Inspira-S Tashkent”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирнинг тантанали қисмини Туризм ва маданий мерос вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов ҳамда Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Фужияма очиб берди.
Меҳмонхонада 7 хил турдаги жами 140 та хона, жумладан, 77 м кв майдонга эга қироллик люкс апартаментлари, икки кишилик ва бир кишилик хоналар мавжуд.
“Гувоҳи бўлаётганингиздек, давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туристик бизнес вакиллари қўллаб-қувватланмоқда. Биргина туризм индустрияси учун 54 дан зиёд имтиёзларнинг тақдим этилиши гапимизнинг яққол далилидир.
Мазкур ишлар мамлакатимизнинг туристик инфратузилмасини яхшилаш, хизматлар кўламини кенгайтириш ва уларнинг сифатини ошириш, шунингдек малакали кадрларни тайёрлаш мақсади сари йўналтирилган”, — деди Улуғбек Аъзамов.
Меҳмонхонанинг асосий холлида меҳмонларни Ўзбекистонда илк бор “консерж роботи” кутиб олади, энг сўнгги технологиялардан фойдаланган ҳолда, меҳмонхона ичида меҳмонларга ҳамроҳлик қилади ҳамда энг яқин туристик диққатга сазовор жойлар, ресторан ва меҳмонхоналар ҳақида маълумот беради.
Меҳмонхонанинг биринчи қаватида жойлашган “Инспира” ресторани 140 кишига мўлжалланган йирик ресторан бўлиб, анъанавий ўзбек, япон ва европа таомларини тақдим этади, шунингдек, хоналарга 24 соат узлуксиз хизмат кўрсатади. “Инспира” СПА марказида турк ҳаммоми, ҳаммом, фин саунаси, шифобахш ўтлар ва фойдали коктейллар таклиф этувчи барга эга ҳовуз бўйидаги жакузи ҳамда массаж хонаси мавжуд.
Бундан ташқари, меҳмонхонада “Inspira” фитнес зали, 40 кишигача мўлжалланган конференсия зали, бизнес маркази, сувенирлар дўкони, валюта айирбошлаш шохобчаси ҳамда кирхона хизмати мавжуд.
“Hotel Inspira-S Tashkent” Тошкентнинг тарихий бинолари билан ўралган Олмазор туманида жойлашган. Тошкент халқаро аеропортидан машинада - тахминан 20 дақиқа, шаҳар бўйлаб ўтувчи Ғафур Ғулом метро бекатидан пиёда - 3 дақиқа ҳамда Чорсу бозори ва Эски шаҳар каби машҳур сайёҳлик жойларига – яқин жойлашган бўлиб, ҳам бизнес, ҳам экскурсиялар учун қулайдир.






