25 феврал куни Туркманистон Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида Бош вазирнинг иқтисодиёт, банк ва халқаро молия ташкилотлари масалалари бўйича ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов Халқаро байрам муносабати билан мамлакатдаги хотин-қизларга Президент номидан пул совғаларини топшириш тўғрисидаги фармойиш тайёрланаётгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда ТДҲ давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Гурбангули Бердимуҳамедов 1—6-март кунлари мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса ва ташкилотларда ишлаётган, шунингдек, пенсия ва нафақа олувчи, аспирантурада таҳсил олаётган аёллар ва қизларга 60 манат миқдорида мукофот пули бериш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади.
Нашр маълумотларига кўра, 12 март куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари муносабати билан вилоят ҳокимликларига Ашхободдан февраль ойи учун барча маошлар, пенсиялар, нафақалар ҳамда 8 март куни аёлларга совғаларни тўлаш бўйича топшириқлар келиб тушган.
Қайд этилишича, Туркманистонда ҳар йили Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёлларга 60 манат (давлат курси бўйича 17,1 доллар, ‘қора бозорʼ курси бўйича 3,3 доллар) тўланади. Уй бекалари ва якка тартибдаги тадбиркорларга эса бундай мукофот пули берилмайди.






