Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Ушбу қарорга мувофиқ мудофаа ишлари бошқармаларининг чақирув ва йиғин пунктларида фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда ҳарбий қисмларда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш бўйича тадбирлар бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ва Қуролли Кучлардан резервга бўшатиш масалалари” мавзусида матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 15 февралидан жойларда чақирув тадбирлари, чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни ҳарбий қисмга жўнатиш учун командаларга тайинлаш ишлари бошланди. Бугунги кунда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғин пунктларида Раҳбарият кенгашлари, ҳарбий-тиббий комиссиялар, шунингдек туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузурида Қуролли Кучларни бутлаш ҳамда ҳудудий-тиббий комиссиялар иш фаолиятини олиб бормоқда.
Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар.
Чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш туман (шаҳар) ҳудудий комиссиясининг қарори асосида уларнинг оилавий шароитига, саломатлигига кўра, ўқишни давом эттириши учун амалга оширилади.
Тинчлик даврида муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан қуйидагилар озод этилади:
- саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган чақирилувчилар;
- яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар, аммо улар ўз розиликлари билан ҳарбий хизматга чақирилишлари мумкин;
- рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар.
Жорий йилнинг март – апрель ойларида Қуролли Кучлар сафига муддатли ҳарбий хизматчиларни юбориш, муддатли ҳарбий хизмат муддатини ўтаб бўлганларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш ишлари ўтказилади. Чақирув ёшидаги фуқаролар Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги Қоровул ва халқаро аеропортларни қўриқлаш қўшинлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа вазирликлари қўшинларига муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун юборилади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 15 март кунидан бошлаб мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги ҳарбий – техника мутахассисликлари тайёрлаш марказларида 9 та мутахассислик бўйича ўқиш жараёни бошланади. Шунга мувофиқ, жойлардаги мудофаа ишлари бўлимлари томонидан ҳарбий-техника мутахассислик бўйича ўқиш истагида бўлган ёшларни саралаб олиш ишлари ўтказилади.
Маълумот учун: Чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга жўнатишнинг илк босқичи бугун, 4 март куни соат 12:00 да Тошкент шаҳар Мудофаа ишлари бошқармасининг йиғин пункитида амалга оширилади.