АсосийJamiyat

Тошкент ва Наманганда компьютер харидида алданиб қолган истеъмолчилар ҳуқуқи тикланди

'Тошкент ва Наманганда компьютер харидида алданиб қолган истеъмолчилар ҳуқуқи тикланди'ning rasmi

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси Матбуот хизмати ходими Гулноза Шарафованинг Darakchi.uz га маълум қилишича, федерация томонидан компьютер харидида алданиб қолган бир гуруҳ фуқароларнинг муаммолари ҳал қилинган

Наманган вилоятида яшовчи Дилмурод Воҳидов Наманган шаҳрида жойлашган “Медан” маиший техника дўконидан “Асус Vivo BOOK” русумли компьютерни 2021 йилнинг 26 декабрь санасида сотиб олган. Бироқ компьютер носоз чиққан. Истеъмолчи маҳсулотни алмаштиришга олиб борганида унга таъмирлаб, носозликни бартараф этиб берамиз дейишган. Бироқ  Д.Воҳидов сервис хизматидан ҳам қониқмаган. У яна дўконга бориб, ноутбукни алмаштириб беришларини ёки пулини қайтариб беришларини талаб қилганда, дўкон ходимлари сиз товарни кредитга олгансиз ва сиз билан тузилган шартнома электрон тарзда тузилгани учун пулингизни қайтариб бера олмаймиз деган важни келтирган. Бундан жаҳли чиққан истеъмолчи Наманган шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига бориб, масаласини ҳал этиб беришларини сўраб, ариза қолдирган. Наманган шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари “Медан” дўкони иш юритувчиси ва мурожаатчи билан бевосита суҳбатлашиб, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда бу каби ҳолатларга қандай ёндашиш лозимлигини тушунтиришган. Суҳбат давомида Д. Воҳидов бу дўкондан компьютер олиш фикридан қатъий қайтганини билдириб, унга пулини қайтариб беришларини сўраган. Истеъмолчининг талаби қондирилиб, ўша куннинг ўзида  унинг ноутбук учун тўлаган 9370000 сўм пул маблағи қайтариб берилди.      

Тошкент вилоятилик Отабек Норчаев ҳам Юнусобод туманидаги дўконлардан биридан компьютер сотиб олган. Буни қарангки, дўкондаги сотувчи харидорни қандай бўлмасин алдаб, ишлатилган компьютер жамламасини бериб юборган. Буни ўз уйига бориб билиб қолган истеъмолчи Федерациянинг “ишонч телефони” га мурожаат қилиб, унга ушбу муаммосини ечишда амалий ёрдам беришларини сўраган. Ушбу мурожаат Шайҳонтоҳур тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ижобий ҳал этилиб, истеъмолчига дўкондан янги компьютер жамламаси олиб берилди.

Яна бир шундай иш Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Ислом Қаюмов билан юз берди. У “Малика” савдо мажмуасидан 7500000 сўмдан ошиқроқ сўмга “Асус Vivo BOOK х 712” русумли ноутбукни 2021 йилнинг 1-мартида бир йиллик кафолот муддати билан харид қилган. Аммо қисқа вақтда ноутбук ишламай қолган. Истеъмолчи компютерни харид қилган дўконига мурожаат қилган. Дўкондаги сотувчилар И.Қаюмовни сервис хизматига жўнатишган. Сервис хизматидаги мутахассислар 3 кун ичида тузатиб берамиз дея, орадан анча вақт ўтсада истеъмолчининг  компьютерини тузатиб беришмаган. Бу ҳолатдан норози бўлган Ислом Қаюмов Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига мурожаат қилиб, муаммоси юзасидан ариза қолдирган. Ушбу ариза Тошкент шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилиб, бир кунда носоз ноутбук маҳсулот сотиб олинган дўконга тегишли сервис хизмати томонидан таъмирлаб берилишига эришишди. Ушбу ҳолатларни таҳлил эта туриб,  истеъмолчиларга ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз ҳуқуқлари ҳимояси учун курашишлари лозим деган фикрга келдик.  

    Бошқа янгиликлар