Қирғизистоннинг "Air Manas" Тошкентга парвозларни тиклади. Авиакомпанияси бугун узоқ танаффусдан сўнг Бишкек-Тошкент-Бишкек йўналиши бўйича илк парвозни амалга оширди, дейилади "UZBEKISTAN AIRPORTS" хабарида.
4-март куни маҳаллий вақт билан соат 10:15 да "Air Manas" авиакомпаниясининг самолёти Тошкент аэропортига қўнди. Анъанага кўра, самолёт сув арчаси билан тантанали равишда кутиб олинди. Орадан бир соат ўтиб, соат 11:15 да самолёт бортида 144 нафар йўловчи билан Тошкент – Бишкек йўналиши бўйича жўнаб кетди.
Март ойи давомида парвозлар душанба ва жума кунлари чартер асосида амалга оширилади. Ёзги жадвалга ўтиш билан "Air Manas" Бишкек-Тошкент-Бишкек йўналиши бўйича мунтазам рейсларга ўтишга умид қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, авиаташувчи Ўзбекистонга деярли икки йил давомида парвоз қилмади – 2020-йилда пандемия сабабли парвозлар тўхтатилган эди.






