1

“Атиргул” – журналист аёллар танловининг ғолиблари аниқланди

ЖАМИЯТ 04.03.2022, 16:52
“Атиргул” – журналист аёллар танловининг ғолиблари аниқланди

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида 2022 йил 4 март куни телевидение, радио, босма ва интернет нашрлари, ахборот хизматлари, шунингдек, журналистика соҳасида илмий фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ўртасида ўтказилган “Атиргул” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда танлов ҳайъати аъзолари, танлов иштирокчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар қатнашди.

Хабардингиз бор, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ўтказиб келинган “Атиргул” танлови қайта ташкил этилганини эълон қилганди. Сўнгги йилларда молиявий сабабларга кўра ўтказилиши тўхтаб қолган ушбу танловни қайта тиклашдан кўзланган мақсад мамлакатимизда журналист аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижодий салоҳиятини намоён қилишига кўмаклашиш, эришган ютуқларини эътироф этиш ва уларни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Журналистик фаолият билан шуғулланаётган зукко опа-сингилларимиз томонидан ёзилган мақолалар, тайёрланган телекўрсатув ва радиоэшит­тиришларда нафақат касб маҳорати, балки қалб қўри, аёллик назокати ҳам яққол сезилиб туради. Республикамиз миқёсида ўтказиладиган журналист хотин-қизлар ўртасидаги танловнинг “Атиргул”  деб номланишибежиз эмас. Зеро, АТИРГУЛ тимсолида аёл нафосати ва гўзаллиги мужассам. 

Танловда республиканинг барча ҳудудларидан 107 нафар журналист аёл 1500 дан ортиқ ижодий ишлари билан қатнашди. 

Танловга келган материалларни таниқли журналист ва экспертлардан таркиб топган ҳайъат аъзолари ўрганиб чиқиб, қуйидаги саккиз йўналиш бўйича ғолибларни аниқлади:

“Инсон қадри улуғланган энг яхши материаллар учун”

“Гендер тенглик масаласи бўйича ёритилган энг яхши материаллар учун”

“Ёшлар муаммолари кенг ёритилган материаллар учун”

“Соғлом турмуш тарзи ёритилган энг яхши материаллар учун”

“Оила ва маҳалла мавзуси энг яхши ёритилган материаллар учун”

“Экологик муаммолар кенг ёритилган материаллар учун”

“Ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида энг яхши ёритилган материаллар учун”

“ОАВ билан фаол ҳамкорлиги учун”

Эътиборлиси, танловда "darakchi.uz" сайти муҳаррири Фарида Эгамбердиева "Гендер тенглик масаласи энг яхши ёритилган материаллари учун" номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди. 

 Бугун ўтказилган тақдирлаш маросимида уларга  диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ғолиблар билан танишинг:

“Инсон қадри улуғланган энг яхши материаллари учун” номинацияси

Умида Ғаффорова - “Маҳалла радиоси” бўлим мудири,

Севара Алижонова - “Фарғона ҳақиқати” газетаси бўлим мудири (рағбатлантирувчи)

"Гендер тенглик масаласи энг яхши ёритилган материаллари учун” номинацияси

Маруса Ҳосилова - “Инсон ва қонун” газетаси мухбири,

Фарида Эгамбердиева - “Даракчи” газетаси бўлим мудири (рағбатлантирувчи)

“Ёшлар муаммолари энг яхши ёритилган материаллари учун” номинацияси

Муҳаббат Ҳамидова - “Гулхан” журнали бош муҳаррири ўринбосари,

Аиша Хушназарова - “Менинг юртим” телеканали мухбири (рағбатлантирувчи)

“Оила ва маҳалла мавзуси энг яхши ёритилган материаллари учун” номинацияси

Венера Сариева - Қорақалпоғистон телеканали бош муҳаррири,

Гулноза Турғунбоева - “Постда” газетаси махсус мухбири (рағбатлантирувчи)

"Экологик муаммолар энг яхши ёритилган материаллари учун” номинацияси

Мадина Умарова - “Давр” информацион дастури катта муҳаррири,

Наргиза Юнусова - “Human.uz”  портали журналисти  (рағбатлантирувчи)

“Ҳарбий-ватанпарварлик мавзуси энг яхши ёритилган материаллари учун” номинацияси

Феруза Раҳмонқулова - “Сурхон тонги” газетаси котибият мудири

Гулнора Ҳожимуродова - “Ватанпарвар” газетаси бўлим мудири (рағбатлантирувчи)

“Журналистика соҳасидаги энг яхши илмий-тадқиқоти учун” номинацияси

Садоқат Маҳсумова - ЎзЖОКУ таянч докторанти,

Жуманова Санобар - “Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири,  ф.ф.н (рағбатлантирувчи)

“ОАВ билан фаол ва тезкор ишлагани учун” номинацияси

Дилрабо Курязова - Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1