Йиғилишда давлат грантлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий лойиҳаларга 2022 йилда камида 3 минг нафар талабани жалб қилиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати маълум қилди.
Шу мақсадда олийгоҳлардаги илмий лойиҳа гуруҳлари таркибининг камида 40 фоизини талабалар ҳисобидан шакллантиришга топшириқ берилди.
Вилоят ва шаҳарлар ҳокимлари, ректорлар олийгоҳлар ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорликни тизимли йўлга қўйса, 30 минг нафар талабани иш билан банд қилиш мумкинлиги таъкидланди.
Бунда, вилоят ҳокимлари иш берувчилар билан ҳамкорликда вакансия ва амалиёт ярмаркалари, талабалар учун бизнес учрашувлар ташкил этиши лозим.
Шу боис, вилоят ҳокимлари, ректорларга 1 апрелдан бошлаб ҳар бир олийгоҳда меҳнат ярмаркаларини ўтказиш топширилди.
Вилоят ҳокимлари олийгоҳлар билан йирик компания, кластер ва бошқа корхоналар ўртасида ҳамкорлик тизимини яратиб, йил якунига қадар 10 минг нафар талабанинг бандлигини таъминлаш чораларини кўриши керак.