АсосийJamiyat

Тошкентда Умрага сохта паспорт билан кетаётган зиёратчилар тўхтатилди

'Тошкентда Умрага сохта паспорт билан кетаётган зиёратчилар тўхтатилди'ning rasmi

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси фуқароларидан таркиб топган уюшган жиноий гуруҳ ўзаро тил бириктириб, мунтазам равишда Ўзбекистон фуқароларини ноқонуний йўллар орқали Умра зиёратига юбориш билан шуғулланиб келган. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар қилди.

Жумладан, ДХХ томонидан 2022 йил 1 январь куни Тошкент халқаро аэропорти орқали “Тошкент-Ал-Қувайт” йўналишида Қозоғистон Республикасининг қалбаки паспортлари билан 40 нафар Ўзбекистон фуқаролари Умра зиёратига кетиши режалаштирилгани аниқланиб, улардан қалбаки паспортлар олиб қўйилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 6 февраль куни Саудия Арабистонига Умра зиёрати учун отланган 47 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Бирлашган Араб Амирликлари орқали Саудия Арабистонига чиқиб кетаётганда сохта паспортлар билан ушланиб, мамлакатимизга “депорт” қилинган.

Шунингдек, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида бир нечта уюшган жиноий гуруҳ аъзолари фуқароларимизни Умра зиёратига ноқонуний тарзда, яъни қалбаки паспортлар ва визалар билан олиб чиқиб кетилаётганда қўлга олинган.

Аввалроқ, Мусулмонлар идораси жорий Умра мавсумида икки нафар ўзбекистонлик зиёратчи Мадина аэропортида Саудия Арабистони Чегара хавфсизлик хизмати томонидан тўхтатиб қолингани ва уларда мамлакатга киришга тақиқи борлиги тўғрисида маълумот берганди. Таъкидланишича, ушбу икки нафар ўзбекистонлик фуқаро Қирғиз Республикасининг қалбаки паспорти билан 2019 йилда Умра сафарига бориб келган.

Маълумот учун: қалбаки паспорт билан ушланган фуқаролар учун Саудия Арабистони томонидан 10 йил муддатга ушбу мамлакатга кириш тақиқи қўйилади.

 

 

    Бошқа янгиликлар