АсосийJamiyat

Энди Давлат хизматлари марказларида “эзгулик қутилари” жойлаштирилади

'Энди Давлат хизматлари марказларида “эзгулик қутилари” жойлаштирилади'ning rasmi

Адлия вазирлигида Давлат хизматлари агентлиги ва “Она” жамоат фонди ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва биргаликдаги ижтимоий лойиҳани амалга оширишга келишиб олинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Унга кўра, давлат хизматлари марказларида “Она” жамоат фондининг “эзгулик қутилари” жойлаштирилади. Мазкур қутилар орқали йиғилган маблағлар турмуш шароити оғир бўлган, кўп фарзандли аёллар ва боқувчиси йўқ ёлғиз оналарни қўллаб-қувватлаш ва уларга молиявий кўмак кўрсатишга йўналтирилади.

Маблағларни қабул қилиб олиш ва уларни ҳисобга олиш бўйича махсус низом тасдиқланган бўлиб, фонд томонидан бу ҳақда жамоатчиликка ахборот бериб борилади ва маблағлар шаффофлик тамойиллари асосида сарфланиши таъминланади.

“Она” жамоат фонди 2021 йил 13 августда давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, асосий мақсади қийин ҳаётий вазиятларга тушиб қолган аёлларни ижтимоий ҳимоя қилишга кўмаклашиш.

Бугунги кунга қадар Фонд 60 дан ортиқ ташкилотлар билан ҳамкорликда республиканинг турли ҳудудларида “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар билан манзилли равишда ишлаб келмоқда. Хусусан, хорижда амалга ошириладиган мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун фонд томонидан маблағлар ажратиб берилди.

Адлия вазирлиги келгусида бу каби эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётга татбиқ этишга ва ҳамкорликка тайёр эканлиги маълум қилинади.

    Бошқа янгиликлар