Ижтимоий тармоқларда ЙПХ автомашинаси "Спарк"ни қувиб кетаётган вақтда "Жентра"ни уриб, ағдариб юборгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 4 март куни тахминан соат 23:00 ларда Яккасарой тумани Кичик ҳалқа автомобиль йўли ҳудудида хизмат олиб бораётган ЙҲХБ ЙПХ инспектори сафдор А.Рахматов “Спарк” русумли автомашина ҳайдовчисига хуштак ва жезл орқали “тўхташ” ишорасини берган.
Бироқ ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг қонуний талабларини бажармай, унинг тўхташ ишорасига амал қилмасдан ҳаракатни давом эттириб, йўл ҳаракати қоидаларини бузган, жумладан тезликни белгиланган меъёрдан ошириб, светофорнинг тақиқловчи ишорасига риоя этмаган.
ЙПХ инспектори ўзига бириктирилган “Лаcетти” русумли, давлат рақам белгиси 01 512 VSC хизмат автомашинасида “Спарк” автомашинасини кузатиб бораётган вақтда, 1995 й.т., Мирзохид М. бошқарувидаги “Леcетти” русумли, давлат рақам белгиси 75 S 185 OA автомашинаси билан тўқнашув содир бўлган.
Тўқнашув натижасида иккинчи “Лаcетти” автомашинасининг йўловчиси 1997 й.т., Фирдавс А. тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган. Мутахассислар томонидан унга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти назорати остида текширув ўтказилмоқда. Шу билан бирга, “Спарк” автомашинасининг ҳайдовчисини қаердалигини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.






