Аввалроқ, Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтаётган тадбирда Ўзбекистонда аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ёндашувлар ҳам тубдан қайта кўриб чиқилишини маълум қилинди. Бу ҳақда Darakchi.uz журналисти хабар берди.
Хабарда айтилишича, эҳтиёжманд аёлларга зарур шароитлар яратиш, хотин-қизлар саломатлигини тиклаш ва муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ жойларда яшайдиган аёлларнинг касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш бўйича муҳим тадбирлар амалга оширилади.
“Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасида ишлаётган хотин-қизлар сонини янада кўпайтириш мақсадида “Бизнесчи аёллар” дастури қабул қилиниб, унинг доирасида 8 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Шунингдек, жорий йилда Ипотека кредитлари бўйича бериладиган субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизлар учун ажратилади. Бу муҳтож аёлларни 12 мингта қулай уй-жой билан таъминлаш имкониятини беради”, — дейди президент.
Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, бундай кенг кўламли ишлар ижроси учун 15 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
“Барча ҳудудларимизда жамоатчиликка, аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган, обрў-эътиборли аёлларни ўз сафида бирлаштирган “Оқила аёллар” ҳаракатини сизлар билан бирга ташкил этсак, бу эзгу ҳаракат том маънода жамиятимиз овозига, маҳалла виждонига айланади, деб ўйлайман”, — дейди давлат раҳбари.






