АсосийJamiyat

75 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатда 302 та коррупциявий омил аниқланган

'75 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатда 302 та коррупциявий омил аниқланган'ning rasmi

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова маълум қилди.

Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш ва аҳоли орасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини яратишда инсон омилини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиб, қуйидаги йўналишларда коррупцияга қарши курашиш ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш борасида самарали  тизим  йўлга қўйиб келинмоқда.

Биринчидан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан очиқ эълон қилиб бориладиган маълумотларнинг аниқ  рўйхати  шакллантирилди.

Бунда, давлат органлари фаолиятининг етарли даражада очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ва жамоатчилик назоратини амалга оширишга етарлича шарт-шароитлар яратиш мақсадида Агентлик томонидан вазирлик ва идораларнинг очиқлик соҳасидаги мажбуриятларга тўлиқ риоя этилиши ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларининг ижро ҳолати мунтазам ўрганилиб, мониторинг қилиб бориш тизими йўлга қўйилди.

Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни эълон қилишда сусткашликка йўл қўйган 72 та давлат органи ва ташкилотларга огоҳлантириш хатлари юборилиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш этиш бўйича уларга амалий ёрдам кўрсатилди.

 Иккинчидан, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари хатловдан ўтказилиб, коррупциявий омиллар ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф қилиш чоралари кўриб  борилмоқда.

Хусусан, қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларига оид 226 та амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилганида 75 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда жами 302 та коррупциявий омиллар аниқланган.

Ўз навбатида, таҳлиллар уларнинг 124 таси қурилиш, 41 таси соғлиқни сақлаш, 91 таси олий таълим, 46 таси давлат харидлари соҳаларига тўғри келишлигини кўрсатган.

Аниқланган коррупциявий омилларнинг таҳлили, мазкур ҳужжатларда “норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида зиддиятларнинг мавжудлиги” (86 та), “дискрецион ваколатларнинг кенглиги” (55 та), “маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги” (27 та) билан боғлиқ коррупциявий омиллар энг кўп учраётганлигини кўрсатди.

Шунга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Учинчидан, давлат харидлари соҳасида қонунчиликда коррупциянинг олдини олиш ва ошкораликни таъминлаш бўйича бир қатор ўзгартиришлар киритилди:

- Харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси ва унинг аффилланган шахси бир савдода иштирок этиши, харид комиссияси аъзосининг иштирокчилар билан аффилланганлик ҳолатида овоз бериши чекланди;

- Ҳисоб палатаси давлат харидларини аудитдан ўтказиши ва натижаларини ҳар йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиши ҳамда очиқ ахборот манбаларида эълон қилиб бориши белгиланди.

- Молия вазирлиги ва бошқа иштирокчиларга савдо натижалари, қонун бузилиш ҳолатлари ва таҳлилий маълумотларни очиқ ахборот манбаларида  эълон  қилиб  бориш  вазифаси  юклатилди;

- Махсус ахборот порталида давлат харидларини режалаштириш, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш, шартнома тузиш, давлат харидлари мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш жараёнлари тизимлаштирилди;

Давлат харидлари соҳасидани қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Давлат харидлари ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномавий муносабатларда контрагентларни текшириш амалиётини механизми  босқичма-босқич  жорий  этиб  борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар