АсосийJamiyat

Болали аёлдан тортиб лавозимдаги ходимгача... Қонунчиликда аёлларга қандай имтиёзлар берилган?

'Болали аёлдан тортиб лавозимдаги ходимгача... Қонунчиликда аёлларга қандай имтиёзлар берилган?'ning rasmi

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний ман­фаат­ларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш ва уларни жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантириш борасидаги ишлар янги босқичга чиқди, шубҳасиз. Хусусан, берилаётган имтиёзлар ва яратилаётган шароитлар ўлароқ, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳам ошиб бормоқда. 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон қонунчилигида аёлларимизга берилган имтиёзлар ва уларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Севара Уринбаева тақдим этган маълумотлар асосида тўх­та­­­лишга қарор қилдик. 

АЁЛ ВА ЭРКАК ТЕНГ ҲУҚУҚЛИДИР

Ўзбекистонда жинс бўйича камситишга йўл қўйилмайди. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлайди.

ИШДАН БЎШАТИШ ЁКИ ИШГА ОЛМАСЛИК ТАҚИҚЛАНАДИ, ҚАЧОНКИ...

Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт.

ОҒИР МЕҲНАТГА ЖАЛБ ЭТИЛМАЙДИ

Меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек ер ости ишларида аёллар меҳнатини қўллаш тақиқланади. Аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилади.

НИКОҲДАН АЖРАТИШ МУМКИН ЭМАС, АГАР...

Агар хотини ҳомиладор ва боласи туғилганига бир йил тўлмаган бўлса, эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас. Бу Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида қатъий белгилаб қўйилган.

ҚЎШИМЧА ТАЪТИЛЛАР ОЛИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА

12 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Шунингдек, уларнинг хоҳишига кўра ҳар йили 14 календарь кунидан кам бўлмаган иш ҳақи сақланмаган таътил берилади. 

Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки алоҳида фойдаланилиши мумкин.

ЗЎРАВОНЛИКДАН ЖАБР КЎРГАНЛАР ДАВЛАТ ҲИМОЯСИГА ОЛИНАДИ

Зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жойлаштирилади. Шунингдек, уларга ҳимоя ордерлари берилади ва аёлларнинг вояга етмаган фарзандларининг йўқотилган биометрик паспортлари тиклаб берилади. Энг муҳими, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинган.

РОЗИЛИГИСИЗ ÛЎШИМЧА ИШЛАРГА ВА ХИЗМАТ САФАРИГА ЮБОРИШ МУМКИН ЭМАС

Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. 

ҲАФТАСИГА 35 СОАТДАН ОШМАЙДИГАН ИШ СОАТИ

Уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.

ҲОМИЛАДОРЛИК ВАТУҒИШ ТАЪТИЛЛАРИ БЕРИЛИБ, НАФАҚА ТЎЛАНАДИ

Аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.

БОЛАСИ УЧ ЁШГАТЎЛГУНЧА ТАЪТИЛ, ИШГА ЧИҚСА МАХСУС ТАНАФФУС

Аёлга унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади. Таътил даврида аёлнинг иш жойи ва лавозими сақланади. 

Икки ёшга тўлмаган боласи бор ишлайдиган аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. 

АГАР АЁЛ ЖИНОЯТ ҚИЛСА...

Аёлларга айрим жазоларни қўллаш бўйича ҳам чекловлар мавжуд.

Хусусан, жиноий жазо тариқасида мажбурий жамоат ишлари ёки ахлоқ тузатиш ишлари ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан қўлланмайди.

Бундан ташқари, ҳомиладор аёлларга ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёллар эҳтиётсизлик оқибатида ёки қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этса уларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо тайинланмайди.

Аёлга нисбатан узоқ муддатга (20 йилдан ортиқ 25 йилдан кўп бўлмаган) ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин эмас.

Шунингдек, ҳомиладор аёлнинг жиноят содир этиши жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.

“АЁЛЛАР ДАФТАРИ”: БЕПУЛ ДАВОЛАНИШАДИ, МОДДИЙ ЁРДАМ БЕРИЛАДИ

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг соғлиги ҳолати оғир бўлганда вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларига ёки республика ихтисослаштирилган марказларига даволаниш учун бепул ордер ажратилади. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга БҲМнинг 2 бараваридан 4 бараваригача (540 минг сўмдан 1 млн. 80 минг сўмгача) миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилади. Шунингдек ушбу дафтарга кирган аёлларга турар-жой ижараси билан боғлиқ харажатлари қоплаб берилади.

БОҚУВЧИСИ ЙЎҚ ­ТАЛАБА ҚИЗЛАРНИНГ КОНТРАКТИНИ ҲОКИМЛИК ТЎЛАЙДИ

Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар контракт асосида ўқишга кирганда контракт пули ҳокимликлар томонидан (ҳар бир ҳудуддан 100 тадан) 4 ўқув йили давомида тўлаб берилади.

Шунингдек, молиявий аҳволи яхши ОТМлар юқоридаги тоифага кирувчи 50 нафаргача хотин-қизларни биринчи ўқув йилида бепул ўқитади.

МАЪЛУМОТ УЧУН:

Юқоридаги имтиёз ва енгилликлар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича сўнгги йилларда қабул қилинган қуйидаги қонун ҳужжатлари асосида берилган:

Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни.

Хотин-қизларни меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент Қарори (ПҚ-4235, 07.03.2019 й.) қабул қилинган.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги Қонун (ЎРҚ–562-сон, 02.09.2019 й.)

“Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинган (919-сон, 20.11.2019 й.).

“Жамиятда ижтимоий­-маънавий муҳитни соғ­лом­лаштириш, маҳалла инс­титутини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-5938-сон, 18.02.2020 й.) қабул қилинган.

“2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида” Президент Қарори (ПҚ–4749-сон, 12.06.2020 й.) қабул қилинган.

“Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (2-сон, 08.01.2021 й.) қабул қилинган.

Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА 

тайёрлади

 

    Бошқа янгиликлар