Россия бошқа давлатлар томонидан қўйилган санкциялар сони бўйича дунёда етакчига айланди. Бу ҳақда Bloomberg маълум қилди.
22 февралгача Россия Эрондан кейин иккинчи ўринда эди. Ўшанда Теҳронга қарши 3616 та, Москвага қарши 2754 та санкция қўйилган бўлса, учинчи ўринда Сурия бўлиб, 2608 та санкция қўлланилганди.
Украинада бошланган ҳарбий ҳаракатлар сабабли ўтган ойда Москвага қарши 2778 та янги санкция жорий этилди ва бу чекловлар умумий сони 5532 тага етди ҳамда дунёдаги етакчига айланди.
Castellum.ai маълумотларига кўра, Россияга қарши санкцияларнинг энг кўп қисми жисмоний шахсларга қаратилган – 2427 та шундай чекловлар мавжуд. Россиянинг компаниялари ва давлат муассасаларига нисбатан – жами 343.
Россияга ортда қолган ҳафта давомида энг кўп санкцияни Швейцария (568), Евроиттифоқ (518) ва Франция (512) киритди. АҚШ 243та, Буюк Британия 35та санкция жорий этди.






