Ижтимоий тармоқларда "Андижонда кўча бўлишни хоҳлаб қолган отасининг болаларига қарайдиганлар борми?" сарлавҳаси остида видеотасвирлар тарқалди.
Андижон вилояти ИИБ томонидан маълум қилинишича, тезкор-суриштирув ишлари натижасида фуқаролар Ш.А., Ш.М. ва И.Т. олдиндан ўзаро келишиб, ижтимоий тармоқлардаги обуначилари ҳамда кўришлар сонини кўпайтириш мақсадида ролик олгани аниқланган.
Улар 6 март куни соат 16:30 ларда ўзларига олдиндан таниш бўлган Р.М.га телефон қилиб, унга "Фирибар" номли қисқа метражли ролик ишлашаётганини айтиб, ушбу роликда фирибгар ролигини ўйнаб беришини илтимос қилишган.
Унинг розилиги билан Пахтаобод тумани "Дурдиёр" МФЙда жойлашган 22-уйда "Фирибгар ушланди" мазмунидаги кўринишда дўппосланганлик ҳолати саҳналаштирилган ва Ш.Қ. томонидан телефонига тасвирга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахслар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.
Иккинчи видеотасвирдаги ҳолатга ҳам олиб борилган суриштирув ишлари давомида ойдинлик киритилган.
Маълум бўлишича, Ш.А. ва C.Т. ижтимоий тармоқлар орқали Ш.С. билан ёзишмалар давомида ўзаро гап талашиб қолиши оқибатида 7 март куни 19:00 ларда Избоскан тумани «Қўғай» МФЙ ҳудудида кўришишиб, орани очиқ қилиб олиш учун жанжаллашишган.
Ушбу жараёнлар И.Т. томонидан телефонига тасвирга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






