АсосийJamiyat

Келгуси беш йилда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш 90 фоизга, оқова сув тизими қамрови эса 35 фоизга етказилади

'Келгуси беш йилда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш 90 фоизга, оқова сув тизими қамрови эса 35 фоизга етказилади'ning rasmi

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзсувтаъминот" АЖ Инвестиция ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш департаменти бошлиғи Анвар Ҳакимов маълум қилди.  

Мамлакатимизнинг янги ривожланиш босқичида барча соҳалар каби аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, шу йилнинг 8 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда муҳтарам юртбошимиз томонидан келгуси беш йилда соҳага 40 трлн сўм инвестициялар жалб қилиб, ичимлик суви таъминотини 90 фоизга, оқова сув тизими қамровини эса 35 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Шундан келиб чиқиб, ушбу қўйилган мақсадларга эришиш учун бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик алоқалари янада кенгайтирилиб, улар томонидан ажратилаётган имтиёзли қарз маблағларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Натижада, соҳада жалб этилаётган инвестициялар ҳажми йил сайин ортиб бормоқда.

Агар 2021 йилда соҳада 118 миллион доллар маблағлар ўзлаштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 245 миллион долларга етказиш кўзда тутилмоқда.

2021 йилда ўзлаштирилган маблағларнинг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (53,8 млн. доллар), Жаҳон банки (36,0 млн. доллар) ва Ислом тараққиёт банки (17,7 млн. доллар) ҳиссасига тўғри келди.

Ҳудудлар бўйича эса Тошкент вилояти (32,8 млн. доллар), Бухоро вилояти (29,6 млн. долл.), Жиззах вилояти

(18,4 млн. долл.), Сирдарё вилояти (17,7 млн. долл.) ҳамда Самарқанд вилоятига (14,9 млн. долл.) ҳиссасига тўғри келди.

Ўтган йили халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қарийиб 290 километр ичимлик суви тармоғи,

1 та сув тозалаш иншооти, 16 та сув тақсимлаш иншооти,

9 та сув қудуғи ва 17 та сув минораси қурилди.

Шунингдек, 125 километрдан зиёд оқова сув тармоғи,

1 та оқова сув тозалаш иншооти ва 5 та оқова сув насос станцияси қурилди.

2021 йилда халқаро молия институтлари иштирокида Самарқанд шаҳрида оқова сув таъминоти йўналишидаги лойиҳа ишга туширилди.

Ушбу лойиҳани фойдаланишга топшириш натижасида Самарқанд шаҳридаги 304 минг нафар аҳолининг оқова сув таъминоти яхшиланди. Аҳолининг оқова сув хизмати билан таъминланганлик даражаси эса 64 фоиздан 80 фоизга етди.

Шунингдек, Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл ҳамда Самарқанд вилоятининг Қўшробод туманларида ичимлик сув таъминотини яхшилашга мўлжалланган лойиҳалар ишга туширилди.

Натижада, Олот туманида 91 минг, Қоракўл туманида 139 минг, Қўшрабод туманида 83 мингдан зиёд аҳоли ичимлик суви билан таъминланди.

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси Олот тумани 25 фоиздан 100 фоизга, Қоракўл туманида 15 фоиздан 92 фоизга етишига эришилди.

2022 йилда ҳам соҳани ривожлантириш мақсадида халқаро молия институтлари иштирокида 18 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳалар Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки,

Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт ва ОПЕК жамғармаларининг 1 миллиард 800 миллион долларга яқин қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, жорий йилда

245 миллион доллар маблағлар ўзлаштирилиши белгиланган.

Мазкур маблағлар ҳисобидан 576 километр ичимлик сув тармоқлари, 1 та сув тозалаш иншооти, 29 та ичимлик сув тақсимлаш иншооти ҳамда 117 километр оқова сув тармоқлари, 7 та оқова сув тозалаш иншооти ва 22 та оқова сув насос станцияси қурилиши режалаштирилган.

Ўтган икки ой давомида 14 миллион доллардан ортиқ қарз маблағлари ўзлаштирилиб, топшириқ ижроси 102 фоизга бажарилди.

Ўзлаштирилган маблағларнинг асосий қисми

Осиё тараққиёт банки (44,2 фоиз ёки 6,3 млн. долл.),

Ислом тараққиёт банки (29 фоиз ёки 4,1 млн. долл.) ҳамда

Жаҳон банки (11,9 фоиз ёки 1,7 млн. долл.) ҳиссасига тўғри келди.

Ҳудудлар бўйича эса Тошкент (4,9 млн. долл.), Сирдарё (4,1 млн. долл.), Бухоро (1,7 млн. долл.) ҳамда Жиззах (1,4 млн. долл.) вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.

Ўзлаштирилган маблағлар ҳисобидан январь-февраль ойларида жами 34 километр ичимлик сув тармоқлари ҳамда 15 километр оқова сув тармоқлари қурилди.

Юқоридаги ишларни изчил давом эттирган ҳолда, жорий йил якунига қадар 3 та лойиҳани тўлиқ фойдаланишга топшириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2022 йилда Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларида ичимлик сув таъминоти бўйича Осиё тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган.

Июнь ойида 121 миллион доллар қарз маблағлари эвазига Тошкент вилоятидаги лойиҳа доирасида суткалик қуввати 100 минг куб метрга тенг бўлган “Қодирия” сув тозалаш иншооти тўлиқ фойдаланишга топширилади.

Лойиҳа доирасида йил якунига қадар  18 та сув тақсимлаш иншооти, 37 та сув ҳавзаси ва 434 километрдан ортиқ ичимлик суви тармоқлари ишга туширилади.

Мазкур лойиҳанинг фойдаланишга топширилиши эвазига Тошкент вилоятининг 31 та маҳалласида истиқомат қилувчи 265 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланади.

Шунингдек, жорий йилда Жиззах, Гулистон, Ширин, Янгиер ва Бухоро шаҳарларида оқова сув таъминоти бўйича халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар ишга туширилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, айни пайтда ичимлик сув таъминоти оғир бўлган Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Андижон, Фарғона, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги муаммоларни ечишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан қиймати 2 миллиард 150 миллион долларга тенг бўлган 24 та янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда. 

    Бошқа янгиликлар