4 март куни вилоят ИИБ бошлиғи номига Навбаҳор туманида яшовчи фуқаролар томонидан “Қизил симоб” ва “Радий” моддаларининг 50 минг доллардан сотилаётгани бўйича ариза келиб тушган. Бу ҳақда Zamon хабар бермоқда.
Аризага биноан тегишли ташкилотлар томонидан 5 март куни туманнинг “Қалқонота” МФЙ ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган. Шартли равишда харидор сифатида жалб этилган фуқаро гумонланувчиларга 50 минг доллар миқдорида пулларни бериб, улардан “Radiy Rа 226 02 5” ёзувли 1 дона шиша ичига жойлаштирилган 250 грамм радиоактив моддани олган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 252-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.






