Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Тошкент шаҳар ИИББ шахсий хавфсизлик бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz"га Бош прокуратура матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 5 март куни Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ терговчиси иш юритувидаги жиноят иши бўйича бир шахсга чора кўрмаслик эвазига талаб қилинган 5.000 АҚШ долларидан 1.000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Шунингдек, 8 март куни Миробод тумани ИИО ФМБ 4-сон ИИБ профилактика инспектори ҳуқуқбузарлик содир этган аёлга ҳолатини расмийлаштирмаслик эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилиб, дастлаб 6 март куни 200 АҚШ долларини қўлга киритган ва қолган 300 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Ҳар иккала ҳолат буйича Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.






