АсосийJamiyat

2021 йилда коррупцион жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн. 282 млрд. сўмлик моддий зарар етказилган

'2021 йилда коррупцион жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн. 282 млрд. сўмлик моддий зарар етказилган'ning rasmi

Жорий йилнинг 10 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида Жамоатчилик кенгаши олдидаги ҳисоботига бағишланган матбуот ажумани бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" мухбири.

Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурхонов коррупцияга оид жиноятлар таҳлилига оид маълумотларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. 

Қайд этилишича, 2021 йилда Республика бўйича жами 5483 нафар шахсга нисбатан, 3769 та коррупцияга оид жиноят ишлари кўриб чиқиш учун тегишли тартибда судларга юборилган. 2020 йил билан таққослаганда судга юборилган жиноят ишлар сони 2621 тага, жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 3 760 тага ёки 218 фоизга кўпайган.  

Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2020 йилда 500 млрд 102 млн сўмлик моддий зарар етказилиб, 355 млрд. сўм ёки 71,0 фоиз ундирилган бўлса, 2021 йилдаги моддий зарар миқдори 1 трлн. 282 млрд.ни ташкил этиб, 887 млрд сўми ёки 69,1 фоизи ундирилган.

Маълум қилинишича, 2021 йилда Агентлик томонидан  “Коррупциясиз соҳа”, “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳалари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудлар ва соҳалар кесимида 50 дан ортиқ ўрганишлар ўтказилди. Шунингдек, қурилиш соҳасидаги жами 461,3 млрд сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 та қурилиш объектларида ўрганиш ўтказилди.

Аниқланган коррупция ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилиниши орқали жами 49 та жиноят иши ва 24 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилиши таъминланди.

Давлат харидлари соҳасида 2021 йилда ўтказилган масофавий мониторингда бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 145,3 млрд сўмлик 452 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланиб, коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилишга қаратилган 372 та тақдимнома киритилди ва танловлар бекор қилиниб, бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишининг олди олинди.

Маълум қилинишича, бугунги кунга келиб, 88 та давлат ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари жорий  этилган бўлса, 52 тасида тўлиқ йўлга қўйилмаган.

Агентлик томонидан коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ва коррупцияга қарши курашиш фаолиятини ташкил этишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган 34 та  тақдимнома киритилган.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги 5177-сон Қарорига мувофиқ, Агентлик давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий этиш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш вазифасини амалга ошириб келмоқда.

Агентлик томонидан маҳаллий давлат ҳокимликлари томонидан ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни расмий веб-сайт ва бошқа ахборот ресурсларида жойлаштириб борилишига оид мажбуриятларига риоя қилиниши ўрганилиб, таҳлил қилинган.  

Ўрганишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоят ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджет маблағларининг режадан орттириб бажарилган қисми  ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотлар камчиликларга йўл қўйилган ҳолда қисман очиқланиши таъминланган бўлса, Тошкент, Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур мажбуриятларини умуман бажарилмаганлиги аниқланган.

Ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг белгиланган тартибда очиқланишини таъминламаган 13 та вилоят ҳокимликлари қонунбузилиши ҳолатларини бартараф қилиш ҳақида расман огоҳлантирилган.  

Агентлик томонидан 2021 йил давомида  ҳамкорликка оид 10 та халқаро ҳужжат (меморандум, ҳамкорлик дастурлари) имзоланди. Жумладан, Агентлик ҳамда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва Жиноятчилик бўйича бошқармаси ўртасида ҳамкорликда амалга оширадиган тадбирлар Режаси доирасида Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини шакллантириш методологиясини ишлаб чиқишда, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши фаолиятини такомиллаштириш юзасидан халқаро экспертлар кўмагини жалб этишда, фуқаролик жамияти институтлари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича ижтимоий тадқиқотларни ташкил этиш юзасидан тренинглар ташкил этишда ва бошқа лойиҳаларда ҳамкорлик амалга оширилди.

Матбуот анжуманида Капитал қурилиш соҳасида коррупцияни олдини олиш мақсадида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилди.  

Таъкидландики, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ишлаб чиқилди ва 2021 йил 1 январдан реал вақт режимида республиканинг барча ҳудудларида тўлиқ ишга туширилди. Бундан ташқари, қурилиш соҳасида ўтказиладиган давлат харидларида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қурилиш соҳасидаги танлов(тендер)лар ўтказиш учун “tender.mc.uz” электрон портали яратилди.

Мазкур платформа ёрдамида 2021 йил давомида 15,45 трлн. сўмлик тендерлар ўтказилиб, қурилиш-пудрат ташкилотлари билан 14,26 трлн. сўмлик шартномалар тузилди ва лойиҳаларнинг бошланғич қийматига нисбатан 1,19 млрд сўм ёки 8 фоиз бюджет маблағлари иқтисод қилинди.  

Матбуот анжуманида Агентликнинг 2021 йилдаги фаолияти натижалари юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. 

    Бошқа янгиликлар