АсосийJinoyat

Хивада Суриядаги жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган шахслар ушланди

'Хивада Суриядаги жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган шахслар ушланди'ning rasmi

Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ўзаро виртуал гуруҳ ташкил этиб, экстремистик мазмундаги материаллар тарқатиш билан шуғулланган шахслар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га ДХХ Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, Хива шаҳрида яшовчи, 2002-2004 йиллар оралиғида туғилган 4 нафар шахс ўзларининг уяли телефон аппаратлари орқали ижтимоий тармоқлардаги ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материаллар билан танишиб, халқаро террористик ташкилотлар ҳамда диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Бухорий, Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий ва бошқаларнинг маърузаларини кўриб, тинглаб, атрофдагиларга ҳам тарқатиб келишган. 

Шунингдек, улар Суриядаги террористик ташкилотлар аъзолари билан алоқага киришиб, уларнинг сафига бориб қўшилишни мақсад қилишган.

Бундан ташқари, Хива шаҳрида кузатилган яна бир ҳолатда 1995-1999 йиллар оралиғида туғилган 3 нафар фуқаро меҳнат мигранти сифатида хорижда бўлган даврларида ижтимоий тармоқлар орқали динга ақидапарастларча берилиб, экстремистик руҳдаги қарашларнинг тарафдорларига айланишган ҳамда ватанга қайтиб келганларидан сўнг, виртуал гуруҳ ташкил этиб, ўзларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини давом эттиришган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, ҳар икки ҳолатдаги қонунбузарларнинг мобил алоқа воситалари хотирасида, шунингдек, «Телеграм» мессенжери ва «Инстаграм» ижтимоий тармоғида уларга тегишли бўлган профиллардаги мавжуд диний мазмундаги материаллар Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш тақиқланган материаллар сирасига киради.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят Кодекснинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар