АсосийJamiyat

2021 йилда 117 нафар талабанинг ДТМ маълумотномасидаги баллари сохталаштирилган

'2021 йилда 117 нафар талабанинг  ДТМ маълумотномасидаги баллари сохталаштирилган'ning rasmi

"Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида"ги қонунга асосан Ҳисоб палатасининг 2021 йилги фаолияти юзасидан тақдим этган ҳисоботи шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди:

Ҳисоботда Ҳисоб паталаси томонидан амалга оширилган назорат тадбирлари натижасида 2021 йил бюджет харажатлари 2,1 трлн. сўмга мақбуллаштилиб, давлат бюджетига 527 млрд. сўм қўшимча манбалар аниқланганлиги, шунингдек бюджет маблағлари ҳисобидан 338 млрд. сўмлик ноқонуний харажат ва ўзлаштиришлар, давлат харидлари жараёнида эса  971,1 млрд. сўмлик манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган 763 та ҳолатлар аниқланганлиги қайд этилган.

Ўзбекистонда 2021 йилда 10 та олий таълим муассасасида 117 нафар талабанинг  Давлат тест маркази маълумотномасидаги балларини сохталаштириш орқали уларни "супер-контракт" суммаларининг миқдори жами 9,6 млрд. сўмга кам ҳисобланган. 

“Ҳисоб палатаси томонидан олий таълим муассаларига кўшимча табақалаштирилган тўлов-контракт асосида (халқ тилида "супер-контракт") ўқишга қабул қилинган талабаларнинг хужжатлари ўрганилганда, 10 та олий таълим муассасасида 117 нафар талабанинг (бу фақат аниқлангани, аниқланмагани қанча худо билади) Давлат тест маркази маълумотномасидаги балларини сохталаштириш орқали уларни "супер-контракт" суммаларининг миқдори жами 9,6 млрд сўмга кам ҳисобланган. 

Мисол учун, Тошкент тиббиёт академиясида 2020-2021 ўқув йилида фуқаро Ф.Б. кириш имтиҳонида аслида атига 56,6 балл олган бўлсада, унинг тўплаган бали 132,7 балл этиб кўрсатилган ҳамда ундан 279,4 млн ўрнига 139,7 млн сўм тўлов-контрак пули (139,7 млн сўм кам) олинган.

Оддий қилиб айтганда, олий таълим муассасаларига киришда айнан коррупцияни олдини олиш мақсадида жорий қилинган "супер-контракт" тизимининг ўзида ҳам коррупция ҳолатлари аниқланган. Яьни, коррупцияга қарши курашиш орқали ҳам "соққа" қилиш йўлини ўйлаб топишган. Қойил қолмай иложи йўқ.

Ҳисоботда келтирилишича, келгусида бундай ҳолатлар такрорланишини олдини олиш мақсадида, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқимоқчи бўлганлар учун онлайн платформа яратилиб, аризалар автоматик тарзда қабул қилиниши ва шартномалар суммасини инсон омилининг аралашувисиз ҳисобланиши йўлга қўйилган.

    Бошқа янгиликлар